Одил ҳукмдорларнинг бешинчиси – Нуриддин Зангий
“Мен Исломгача ва ундан кейин келган ҳукмдорлар тарихини ўрганиш мобайнида хулафои рошидин ва Умар ибн Абдулазиздан кейинги энг адолатли ва улуғ подшоҳ деб Нуриддин Маҳмуд Зангийни топдим” (Ибн Асир раҳимаҳуллоҳ).
Нуриддин Зангий номи билан танилган ушбу улуғ зотнинг тўлиқ исми шарифи Абу Қосим Маҳмуд ибн Имомиддин Зангий ибн Оқ-Сункур. У 1118 йилнинг 11 февралида (ҳижрий 511 йил шаввол ойининг 17-кунида) Дамашқда туғилган. Миллати турк. У салибчилар ва убайдийлар (фотимийлардан бўлган халифаси Ҳоким Биамриллаҳни худо деб даъво қилган друзлар) Исломга қарши уруш олиб бораётган оғир дамда мусулмонларни бирлаштириб, қисқа вақт ичида катта давлат барпо қилишга муваффақ бўлган. Элликдан ортиқ шаҳар ва қишлоқни салибчилар қўлидан озод қилган.
Ибн Асир раҳимаҳуллоҳ айтади: “У мазлумларнинг арзини эшитадиган, золимларни жазолайдиган адолатли подшоҳ бўлган. Унинг довруғи бутун иқлимга таралган. У биринчи бўлиб қозихона учун иморат солдирган ҳукмдор. Ҳафтасига икки марта қозилар ва фақиҳлар иштирокида кенгаш ўтказган. Ўша куни арзу ҳол билан келган одамлар масаласи билан ўзи шуғулланиб, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилган”. Тарихчилар Нуриддин Зангийнинг бутун умри жангу жадалларда ўтган бўлса ҳам, тунлари намозда қоим бўлганини, эрта тонгда отига миниб, давлат ишига жўнаб кетганини ёзганлар.
Ҳофиз ибн Касир раҳимаҳуллоҳ айтади: “У кўп китоб ўқир, суннатни маҳкам тутар, беш вақт намозни жамоат билан адо этар, муттасил тиловат қилар ва хайрли ишларга ошиқарди. Ғазабланган чоғида ҳам ёмон сўз айтмас, вазмин ва камгап эди” (“Ал-бидая ван-ниҳая”).
Ҳижрий 557 йилда Нуриддин Зангийнинг тушига Пайғамбар алайҳиссалом бир кечада уч марта кириб, “Мени мана бу икки сариқ кимсадан қутқар”, дейдилар.
Маҳмуд Нуриддин Зангий ўша тонгдаёқ ўзи билан бир қанча мол-мулк, йигирма чоғли аскар ва доно вазирини олиб Мадинага отланади. Мадинаи мунавварага етиб келганларидан сўнг Масжиди Набавийга киради ва Равзаи мутоҳҳарада намоз ўқийди. Сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлари олдига келиб у зотга салом ва салавот айтади. Кейин эса тушида кўрган кимсаларни таниб олиш учун Мадина аҳлига шахсан ўз қўллари билан совға тарқатади. Аммо уларни учратмайди. Ҳайрон бўлиб Мадина улуғларидан: “Мадинадаги ҳамма совға олиб бўлдими?” деб сўраганида улар мағриблик икки мусофирдан бошқа ҳамманинг келганини айтади. Чунки улар ғоят тақводор кишилар экани, муҳтожларга ҳадя улашишини, аммо ўзлари ҳеч кимдан ҳадя олмасликларини, ҳар куни кечгача Масжиди Набавийда ибодат қилиши, эрта тонгда Бақиъ қабристонига зиёратга боришини айтиб мақташади. Ҳукмдор мусофирларни ўзининг ҳузурига олиб келишларини буюради ва уларни кўрган заҳоти танийди. Улар турган уйни текшириб, Ҳужраи саодатга қараб қазилган лаҳмни топади. Лаҳм Ҳужраи саодатга етишига озгина қолган эди. Улар сўроқ қилинганида асли насроний экани ойдинлашади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жасадларини ўғирлаш учун келганларига иқрор бўлишади. Улар кечалари лаҳм кавлашар, тонгда эса гўё Бақиъ қабристонини зиёрат қилган кишидек, қазиб олинган тупроқни қабристонга тўкиш учун боришар экан. Султон уларни қатл қилдиради ва Ҳужраи саодатнинг атрофини чуқур қилиб кавлатиб, атрофига қўрғошин эритиб қуйдиради (Имом Барзанжийнинг “Тарихул Мадина”, Ибн Нажжорнинг Одил ҳукмдорларнинг бешинчиси – Нуриддин Зангий “Мен Исломгача ва ундан кейин келган ҳукмдорлар тарихини ўрганиш мобайнида хулафои рошидин ва Умар ибн Абдулазиздан кейинги энг адолатли ва улуғ подшоҳ деб Нуриддин Маҳмуд Зангийни топдим” (Ибн Асир раҳимаҳуллоҳ). “Тарихул Бағдод”, Муҳиюддин Табарийнинг “Риёзун назира”, Аллома Саййид Нуриддин Али Самҳудийнинг “Хулосатул вафо” асарлари).
1174 йили (ҳ. 569 й.) Нуриддин Маҳмуд хасталаниб, тўшакка ётиб қолади ва кўп ўтмай вафот этади.
У Масжидул Ақсо озод қилинганида хутба ўқиш учун бир минбар ясатган эди, лекин унда хутба ўқиш насиб қилмади. Шогирди Салоҳиддин Айюб у ердан салибчиларни қувиб чиққандан сўнг минбарни Масжидул Ақсога ўрнаттирган.
Султон Нуриддиннинг учта катта режаси бўлган. Улар: Мисрни қўлга киритиб, тарқоқ ҳолдаги мусулмонларнинг бошини қовуштириш, Қуддус ва Истанбулни фатҳ этишдан иборат эди. Султон 1154 йилда Шомни қўлга киритган ва Салоҳиддиннинг отаси Нажмиддин Айюбни Шом волийси қилиб тайинлаган. Ўша кундан эътиборан Салоҳиддин султоннинг хизматига кирган ва хизмат пиллапояларидан жуда тез кўтарилган. Ўшанда у 16 ёшда бўлган. Чунки у султоннинг меҳрини қозонган ва тез орада энг умидли шогирдига айланган. Нуриддин Зангийнинг адолатпарвар ҳукмдор, қўрқмас баҳодир, миллат ва уммат фидойиси, тақводор, парҳезкор султон бўлгани, ушбу масалаларда қандай буюк мақомга етганини тушига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам кириб, душманлар қилмишидан хабардор қилганлари яққол намоён қилади.
Абдумалик ЖЎРАҚУЛ,
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ходими
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил 13-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws