Аҳли зиммага мурувват
Муқаддас динимизда бағрикенглик тушунчаси мурувват деган маънони англатиб, меҳрибонлик қилиш, ўзга эътиқод, маданият, анъаналарга адолатли муносабат кўрсатишни билдиради.
Ислом ўзидан аввалги самовий динлар (яҳудийлик, насронийлик)ни шунчаки ҳурмат қилиш билан чекланмай, балки шу динлар вакилларининг ҳақ-ҳуқуқларини мустаҳкамлаб қўйган. Асрлар давомида бу қоидаларга амал қилган мусулмонлар бир-бирларига ва ҳатто ораларида яшайдиган ғайридинларга, аҳли зиммага ҳам мурувватнинг мислсиз намуналарини кўрсатиб, бутун инсониятга ибрат бўлишди. Чунки бу Аллоҳ таолонинг амри ҳамда Расулуллоҳнинг умматларига кўрсатмалари эди.
Моида сурасида бундай марҳамат қилинади: “Эй мўминлар, бирон қавмни ёмон кўришингиз ҳаддингиздан ошишингизга олиб келмасин!” (8-оят). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳадисда: “Ким аҳли зиммага бирор заҳмат етказса, қиёмат куни мени ўзининг душмани сифатида кўради”, деб марҳамат қилинган (Имом Аҳмад ривояти). Шу ҳадисга биноан ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу Амр ибн Ос розияллоҳу анҳуни Мисрни фатҳ этишга юбораётиб унга: “Эҳтиёт бўлинг! Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўзингизга душман қилиб қўйманг”, деб огоҳлантирган.
Бошқа дин вакилларининг ҳурматини жойига қўйишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга ўрнак бўлганлар. Бир куни Расули акрам алайҳиссалом саҳобалар билан бирга ўтирган эдилар. Одамлар бир жанозани кўтариб ўтишди. Пайғамбаримиз маййит ҳурмати учун ўринларидан турдилар. Саҳобалар: “Эй Расулуллоҳ, вафот қилган бу киши яҳудий-ку”, дейишди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Яҳудий одам эмасми?” дедилар. Бу гаплари билан саҳобалардан ранжиганларини билдирдилар ҳамда бошқа диндаги кишиларга нисбатан қандай муомала қилиш кераклиги борасида амалий кўрсатма бердилар.
Абдулвоҳид ИСОҚОВ,
Наманган шаҳар “Мирёқуббой Мирҳакимбой”
жоме масжиди имом-хатиби
“Ҳидоят” журналидан
http://hidoyatuz.taplink.ws