Киришга эмас, чиқишга шошиламиз. Нега?
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким масжидга бориб, қайтса, ҳар бир бориб, қайтгани учун Аллоҳ унга жаннатда зиёфат тайёрлаб қўяди”, дедилар (Муттафақун алайҳ).
Дарҳақиқат, масжид Аллоҳнинг – уйи. Унга кирган одамнинг қалби ҳаловат топади. Лекин эътибор қилган бўлсангиз, айрим кишилар намоз тугагани заҳоти тасбеҳ, тиловат ва дуоларга қарамасдан чиқиб кетади. Албатта, мўмин инсон сифатида биродарларимиз ҳақида яхши гумонда бўлишимиз керак: иши зарурдир, таҳоратга эҳтиёж пайдо бўлгандир, ўзини лоҳас ҳис қилгандир… Шундайлари ҳам бордир, албатта. Лекин уларнинг баъзиларини таниймиз ҳам, улар салом айтилгани заҳоти уқдек учиб чиқиб кетишни одат қилиб олишган. Нега шундай қиласиз? десангиз, сабабини ўзи ҳам билмайди.
Бир йили ёзда чекка туманлардан бирида жума намозини ўқидик. Жазирама авжига чиққан палла. Яна денг масжиднинг кириш-чиқиш эшиги битта экан. Намоз ўқиб бўлганимиздан сўнг иссиқда ҳамма эшикка тиқиляпти. Бир чол қопқоғимнинг орасидан бармоғи билан мени ниқаб боряпти. Жоним оғрияпти ва чолни ёмон кўряпман. Шунда ёнимда келаётган одам: “Парвардигорим, жаннатларингга ҳам шундай жамоат бўлибгина борайлик”, деб дуо қилиб қолди. Ялт этиб атрофимга қарадим ва ичимда: “Раббим, қиёматда мен гуноҳкор бандангни ҳам мана шу бандаларинг орасида жаннатингга киргиз!” деб илтижо қилдим.
Масжидда туришнинг фазилатидан бохабар инсонлар эса намоздан кейин зикру тасбеҳларни адо қилиб, Қуръони каримдан қилинган тиловатларни тинглаб, дуоларни қилиб шошилмасдан виқор билан чиқади масжиддан. Чунки бу ерда қанча кўп бўлсак, савобларимиз шунча кўпаяди, гуноҳларимиз камаяди.
Шундай экан, азизлар, ташвиш тараддулар билан масжидга келяпмизми, савобнинг энг кўпини олишга ҳаракат қилайлик. Зотан, дунёдаги уйларнинг энг яхшиси – Аллоҳнинг уйидир. Киришга шошилайлиг-у, чиқишга шошилмайлик.
Абдумалик ЖЎРАҚУЛ,
Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси маркази ходими