Ибн Румий Ватан ҳақида
Ватаним бор, қасам ичаман,
Сотмайман, у мисоли чаман.
Йиллар ўтар ўзгармас фикр,
Онт ичаман, қилурман зикр.
Ўтган унда ёшлик чоғларим,
Неъматлари тўкин боғларим.
Ором олган инсонлар мисол,
Соялари, бир назаринг сол.
Ҳатто унга улфатдир жоним.
Сезгум ундан узоқда оним.
Тани бор, гўё фироқда яшар,
Руҳи чиққан мисоли башар.
Ватанини севарлар мардлар,
Унда ўтмиш, алам у дардлар.
Эслатилса, сезар дил ва тан.
Шунинг учун севилар Ватан.
Ибн Румий ким бўлган? Унинг тўлиқ исми: Абулҳасан Али ибн Аббос ибн Журайж. Бағдоднинг Ақиқа деган жойда милодий 836, ҳижрий 221 йилда ражаб ойининг 2-куни туғилган. Отаси асли румлик бўлгани учун Ибн Румий номини олган. Ҳижрий III асрнинг машҳур шоирларидан. Аббосийлар даврида ижод қилган. Милодий 896, ҳижрий 283 йилда вафот этган.
Изоҳ: Ибн Румийнинг Ватан ҳақидаги шеърни айтишига қуйидаги воқеа сабаб бўлган экан. У кишининг Бағдодда Ибн Абу Комил деган золим, тижоратчи қўшниси бўлади. У Ибн Румийдан уйини сотишни сўрайди. Ибн Румий эса таклифни рад этади. Золим қўшни уйни қўлга киритиш учун қўлидан келган барча ҳийла-найрангини ишга солади. Ночор қолган Ибн Румий Бағдод ҳокими Сулаймон ибн Абдуллоҳга дардини айтиб, шикоят қилиб боради. Ва ўзининг туғилган ери – ватанига бўлган муҳаббатини ўз шеъри орқали изҳор қилади.
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРнинг “Исломда ватан тушунчаси” китобидан
http://hidoyatuz.taplink.ws