Тўйлар ихчамлашяпти, аммо…
Райҳона коллежнинг биринчи босқич ўқувчиси. Онаси уни турмушга бериш тадоригига тушган. Бизга бу хабар етиб келган куниёқ оила аъзолари билан учрашдик. Эрта турмушнинг салбий оқибатлари, динимизда мустаҳкам оила асоси ва қонунларимизда мавжуд жавобгарлик хусусида она ва қиз билан суҳбатлашдик. Тўй тўхтатилди.
Она “Қизимга яхши жойдан совчи келди” деган фикрда никоҳ ёшига етмаган, касби, ҳунари йўқ, оилага тайёр бўлмаган қизини турмушга беряпти. Бунинг олдини олиш мақсадида отинойилар иштирокида мактабларда, коллежларда “Эрта турмуш ва эрта туғуруқнинг олдини олиш”, “Қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий жиҳатлари” мавзуларида суҳбатлар ташкил этилди. Яқинда Қумқўрғон туманидаги 83-сонли мактаб ўқувчиларининг ота-оналари, Ангор туманидаги 35-мактабнинг ўсмир қизлари билан суҳбатлар ўтказдик. Шу йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида жами 1220 та шу каби суҳбатлар вояга етмаган қизлар ва уларнинг ота-оналари иштирокида олиб борилди.
Афсуски, қайноналар: “Қизингиз иш билмаса, зарари йўқ, ўзим ўргатиб оламан”, деб келин олади. Кейин эса эпсизлиги, ўғлининг кўнглини ололмаслигию ўзларига мос эмаслиги важи билан ажраштириш пайига тушиб қолади. Пайғамбаримиз соллаллоҳуалайҳи ва саллам бундай дедилар: «Қайси аёл бирон-бир сабабсиз эридан талоғини сўраса, унга жаннатнинг ҳиди ҳам ҳаромдир” (Имом Термизий, Имом Ибн Можа ривояти).
Кайковуснинг “Қобуснома” асарида: “Яхши хотин эрнинг ва умрнинг роҳатидур. Хотин камолга етган, ҳаёли, ўзини тута оладиган оқила, онасининг уй бекаси, отасининг уй бошлиғи эканини кўрган ва билган бўлиши лозим. Агар шундай қизни топсанг, тараддудсиз уйлан!” дея таъкидланган. “Дуррул Мухтор” китобининг “Никоҳ фасли”да зикр этилганидек: “Одамзодга никоҳ ва иймондан бошқа жаннатда ҳам давом этадиган ибодат йўқ. Оила шундай саодатманд бир боғки, у ҳатто жаннатда ҳам давом этади. Ҳар қандай шартнома муайян муддатдан сўнг ўз кучини йўқотади, аммо бир-биридан рози бўлган умр йўлдошларининг ҳаёти ўлим билан тугамайди”. Шундай экан, никоҳланишда ниятни чиройли қилиш, ўзига жуфт танламоқчи бўлган куёв шариат кўрсатмаларига, тақводор ота-боболаримизнинг ўгитларига риоя қилиши керак.
Афсуски, вилоятимизда 15 ёшли қиз турмушга узатилди. Ҳозир у ҳам келин, ҳам ўқувчи. Бу оилани ўрганар эканмиз, онаси хорижда ишлашини, оила ажрашиб, қиз бувисининг қўлида катта бўлганини билдик. “Агар ҳозир бу қизни турмушга бермасам, оиламизга иснод келтиради”, дея йиғлайди кекса онахон. Бу эса қиз тарбиялаётган ҳар бир онани огоҳ бўлишга чақиради.
Қизларимизнинг ахлоқига эътиборли бўлайлик. Уларга ҳунар ўргатайлик, уй юмушлари билан банд қилиб, илм олишига шароит яратайлик. Қизни турмушга тайёрлар эканмиз, оиланинг паст-баланди, ҳаётнинг аччиқ-чучукларидан ҳам сабоқ берайлик. Зеро, Абдуллоҳ ибн Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу қизларига бундай насиҳат қилган: “Зинҳор рашкчи бўлма, у талоқнинг калитидир. Зинҳор эрингни терговчи бўлмагин, у кўнгилсизлик келтиради. Сурма қўйиб юргин, лекин зийнатларнинг энг афзали сув (поклик)дир”.
Хосият ҚОСИМОВА,
Сурхондарё вилояти бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси (К. Адашбоева уюштирди)
http://hidoyatuz.taplink.ws