Тез ижобат бўладиган дуо
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Энг тез ижобат бўладиган дуо ғойиб (кимса)нинг (бошқа) ғойибга қиладиган дуосидир”, деганлар. Уламолар таъкидича, мўминнинг кўрмасдан туриб биродарини ихлос билан дуо қилса, унда тама ва риё бўлмайди. Шу боис у тез ижобат бўлади.
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган яна бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мусулмон кишининг ўз биродарига ғойибдан қилган дуоси мустажобдир. Унинг бошида вакил қилинган бир фаришта туради. У ҳар сафар биродарига яхшилик тилаб дуо қилганда ўша вакил қилинган фаришта: “Омийн! Сенга ҳам шундай бўлсин!” дейди», дедилар (Имом Муслим ривояти). Демак, киши ўзгани дуо қилиш баробарида ўзини ҳам дуо қилган бўлади.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Умар розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан умра қилишга изн сўрадилар. Расули акрам унга изн бериб:
“Эй биродарим! Ўзингни хос дуоингда бизни ҳам шерик қилгин ва бизни унутиб қўймагин”, дедилар» (Имом Ибн Можа ривояти).
Одатда одамларга билдириб дуо қилиш нафсга хуш ёқади. Бироқ киши дуода кўпроқ ўзи ва яқинлари учун илтижо қилади. Танишлари ҳадеганда ёдига келавермайди ёки уларнинг шунчаки тилида зикр қилади. Ҳамма ҳам холи қолганда астойдил, чин дилдан ўзганинг ҳақига дуо қилавермайди. Шунинг учун Аллоҳ таоло ўзгалар учун холис қилинган дуоларни тез ижобат қилади.
Ривоят қилинишича, бир шайх шогирди билан боғда сайр қилиб юрса, эски бир пойабзалга дуч келишибди. Улар пойабзал боғда ишлаётган боғбонга тегишли эканини билишибди. Шунда шогирд устозига: “Устоз, ҳазил қилиб пойабзални яшириб қўймаймизми, эгаси йўқолганини кўриб, нима қилишини томоша қиламиз”, дебди.
Шайх унга: “Бошқаларни ғамга тушириш билан кўнгилни кўтармаслик керак. Ундан кўра, шу камбағалнинг пойабзалига пул солиб қўй. Сўнгра уни нима қилишини кўрамиз”, дебди.
Шогирд бу таклифга рози бўлиб, оёқ кийим ичига пул солиб қўйибди. Сўнгра икковлари дарахт ортига яширинишибди.
Бироздан сўнг жулдур кийимда бир киши келибди. У пойабзалига оёғини суққанида ичида нимадир борлигини сезиб, уни олиб қарасаки, пул. Иккинчи пойида ҳам пул бор экан. У бироз ҳайрон бўлибди. Кейин бирор кимса қўйиб кетдимикан, деган ўй билан атрофга аланглади. Сўнгра пулларни чўнтагига солиб тиз чўкиб, кўзида ёш билан муножот қилибди: “Эй Раббим! Хотинимнинг бетоблигини ва фарзандларим очлигини билган Зот! Ўзингга беҳад шукроналар, чексиз ҳамдлар бўлсин. Менга ҳиммат қилган одамнинг мушкулини осон айлаб, дуоларини ижобат айла”, дея анча вақт дуо қилди.
Шогирд бундан қаттиқ таъсирланиб кўзига ёш олди.
Шунда шайх: “Энди айт-чи, бу ишингдан ўзингни бахтиёр сезмаяпсанми?!”
Шогирд: “Шундай, устоз. Ҳеч ҳам унутмайдиган дарс олдим. Киши ҳадя берганида олгандан кўра кўпроқ мамнун бўлар экан”, деди.
Шунда шайх бундай деди:
“Билки, ҳадя беришнинг турлари бор:
– Жазолашга қодир бўла туриб, кечиб юборишинг;
– Биродарингни ғойибона дуо қилишинг;
– Унинг учун узр талаб қилиб, ёмон гумондан четта бўлишинг;
– Биродаринг йўқлигида унинг обрўсини ҳимоя қилишинг туҳфадир.
Шуни билингки, нубувват йўли меҳр-мурувват устига қурилгандир”.
Шогирд уйига кўтаринки руҳда қайтди. Эшикни очиши билан анчадан бери бемор ётган фарзанди олдига югуриб чиқди. У бу ҳолдан ҳайратланиб, боғбоннинг дуоларини эслаб, кўзида ёш билан Аллоҳга ҳамдлар айтди.
Бугун ўзимизга назар солайлик, одамларга яхшилик қилиб, ўзгаларни ғойибона дуо қиляпмизми? Бошқаларнинг турмуши биз туфайли енгиллашяптими ё қийинлашяптими? Ўз ҳаётимиз-чи?
Жаъфархон СЎФИЕВ,
Тўрақўрғон тумани “Исҳоқхон тўра” жоме масжид имом-хатиби
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил, 11-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws