Мисрда Халқаро Қуръон карим мусобақаси бўлиб ўтди
Миср Вақфлар ва ислом ишлари вазирлиги томонидан ташкил этилган 32-Халқаро Қуръон карим мусобақасининг очилиш маросими 2025 йил 6 декабрь куни мамлакатнинг Янги маъмурий пойтахтидаги Ислом маданият марказида бўлиб ўтди.
Очилиш маросими мисрлик машҳур қори, Шайх Маҳмуд аш-Шаҳат Aнварнинг тиловати билан бошланди; бу йилги мусобақа унинг отаси Шайх аш-Шаҳат Муҳаммад Анвар номи билан аталди.
Миср Вақфлар ва ислом ишлари вазири Усама Aл-Aзҳарий ўз нутқида бундай деди: “32-Халқаро Қуръон карим мусобақаси вазирликнинг сўнгги бир йил давомида тайёргарлик кўрган энг ажойиб тадбирларидан биридир”. У дунёнинг турли бурчакларидан танланган қорилар гуруҳи иштирокидаги энг муҳим халқаро Қуръон анжуманларидан навбатдагисини ўтказиш учун турли ташкилий ҳайъатлар сафарбар қилинганини таъкидлади.
Вазир ўз нутқида, жумладан, бундай деди: “Бу йилги тадбирда 70 дан ортиқ мамлакатдан етук қорилар иштирок этмоқда. Бу ўз навбатида мазкур мусобақа халқаро мақомининг ортиб бораётганидан далолат беради”. У Габон, Камерун, Франция, Ҳиндистон, Нигерия, Қозоғистон, Чад, Уганда, Жанубий Aфрика, Босния ва Герцеговина, Бангладеш, Жазоир, Конго, Замбия, Шри-Ланка, Яман, Россия Федерацияси, Индонезия, Ливан, Қатар, Малайзия, Марокаш ва Мисрдан тажрибали қориларнинг рақобатда бўлганини таъкидлади. Айниқса, Иордания ҳошимийлар қироллигидан Шайх Тавфиқ Иброҳим, Ливандан Шайх Зиёд Aбдулқодир ва Мавританиядан Шайх Муҳаммад Aҳмад каби меҳмонлар ва ҳакамлар ҳайъати аъзоларини, шунингдек, араб ва ислом мамлакатларидан келган бошқа ҳакамларни олқишлади.
Илёсхон Аҳмедов тайёрлади.