Энг қисқа ва тугал ваъз-насиҳат
«Бас, кимки зарра миқдорида яхшилик қилган бўлса, уни кўрар. Кимки зарра миқдорида ёмонлик қилган бўлса, уни ҳам кўрар» (Залзала сураси, 7-8-оятлар).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Кофир кимса зарра миқдорида яхшилик қилса, унинг мукофотини дунёда кўради, охиратга қолмайди. Зарра миқдорида ёмонлик қилса, унинг азобини охиратда олади. Мўминлардан ким зарра миқдорида ёмонлик қилса, унинг жазосини дунёда олади, охиратга қолмайди. Агар зарра миқдорида яхшилик қилса, унинг мукофотини охиратда бир неча баробар кўпайтирилган ҳолда олади. Зарра – кафтни ерга қўйганда, унга ёпишадиган тупроқ”.
Баъзи ҳадисларда: “Зарра – вазнсиз, оғирлиги йўқ нарса”, дейилган. Шунга кўра, бу оят бир зарбулмасал бўлиб, Аллоҳ таоло банданинг ҳар бир амалини – у қанчалик кичик ёки катта бўлмасин, албатта, кўриб-билиб туриши ҳақида огоҳлантиради.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, бу оят нозил бўлганида, Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Ё Расулуллоҳ, биз қилган ҳар бир яхшилик ва ёмонлигимизни кўрамизми?” деб сўради. У зот: “Ёқтирмаган нарсаларингиз (яъни сизга етган мусибатлар) ёмонликнинг зарра мисқолларидир. Яхшиликнинг зарра мисқоллари эса сизга охиратда берилиши учун сақлаб қўйилади”, дедилар.
Абу Идрис айтди:«Бу гапнинг тасдиғи Аллоҳнинг китобида бор: “(Эй инсонлар!) Сизларга не мусибат етса, бас, ўз қўлларингиз қилган нарса (гуноҳ) сабаблидир. Яна У кўп (гуноҳ)ларни афв этиб турур. (Акс ҳолда мусибат бундан ҳам кўп бўлур эди.)” (Шўро сураси, 30-оят).
Муқотил айтди: «Ушбу оят икки киши ҳақида нозил бўлган. Бунга сабаб, “Таомни эса суюб турсалар-да, (ўзлари емасдан) мискин, етим ва асирларга едирурлар” (Инсон сураси, 😎 ояти нозил бўлганида, улардан бирининг олдига тиламчи келса, бир дона хурмо, бир бўлак нон ёки ёнғоқ беришни арзимас нарса деб ҳисоблар эди. Иккинчиси, ёлғон, ғийбат, номаҳрамга назар солиш каби гуноҳларга бепарво бўлиб: “Аллоҳ дўзахни фақат катта гуноҳлар учун ваъда қилган”, дер эди. Шунда бу оятлар уларни оз бўлса ҳам яхшилик қилишга, уни беришга рағбатлантириш ва ҳеч бир гуноҳни, ҳатто арзимас бўлса ҳам, кичик санамасликдан огоҳлантириш учун нозил бўлди. Чунки озгина яхшилик ҳам, озигина ёмонлик ҳам кўпайиши мумкин».
Саид ибн Жубайр айтади: “Қиёмат куни кишининг кичик бир гуноҳи ҳам кўзига тоғдай бўлиб кўринади. Яхшиликлари эса жуда ҳақир ва арзимас бўлиб қолади”.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Бу Қуръондаги энг ҳикматли оятдир”, деган.
Каъбул Аҳбор бундай деган: «Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссаломга Таврот, Инжил, Забур ва Саҳифалардаги нарсаларни қамраб олган икки оятни нозил қилган. Булар: “Бас, кимки зарра миқдорида яхшилик қилган бўлса, уни кўрар. Кимки зарра миқдорида ёмонлик қилган бўлса, уни ҳам кўрар”, оятларидир».
“Муватто”да ривоят қилинишича, бир гадой Ойша розияллоҳу анҳонинг эшигига тиланиб келди. Унинг ҳузурида бир шингил узум бор эди. Ходимасига: “Ундан бир дона узум ол-да, унга бер”, деди. Бу гапдан у ҳайрон бўлди. Шунда Ойша розияллоҳу анҳо: “Нега ҳайрон бўляпсан? Бир дона узумда қанча зарра борлигини биласанми?” деди.
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу тиланчига икки дона хурмо садақа қилганида, у буни арзимас санаб қўлини тортиб олди. Шунда Саъд: “Аллоҳ биздан зарра миқдорини ҳам қабул қилади. Иккита хурмода эса кўплаб зарра миқдорлари бор”, деди.
Мутталиб ибн Ҳантобдан ривоят қилинади: «Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу оятни ўқиётганларини эшитиб: “Ё Расулуллоҳ, зарра миқдоричами?!” деди. У зот: “Ҳа”, дедилар. Аъробий бир неча марта: “Қандай шармандалик! Қандай шармандалик!” деганича ўрнидан туриб, жўнаб кетди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Дарҳақиқат, аъробийнинг қалбига иймон кирди”, дедилар.
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Фараздақнинг амакиси Саъсаъа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб, “Бас, кимки зарра миқдорида яхшилик қилган бўлса…” оятларини эшитгач, “Қуръоннинг бундан бошқа оятларини эшитмасам ҳам, парво қилмайман. Менга шунинг ўзи етарли. Ваъз ниҳоясига етди”, деди».
Маъмар Зайд ибн Асламдан ривоят қилади: «Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб: “Менга Аллоҳ сизга ўргатган нарсалардан ўргатинг”, деди. У зот уни бир одамга юбордилар. У унга Залзала сурасигача ўргатганида: “Шу менга кифоя”, деб қайтиб кетди. Бу ҳақда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга хабар берилди. Шунда у зот: “Қўяверинглар, чунки у фақиҳ бўлди”, дедилар».
“Тасфсиру Қуртубий” асосида
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом
таълим муассасаси ўқитувчиси
Авазбек ЖУМАБОЕВ
тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил, 22-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws