ЎЗБЕКИСТОН ДЕЛЕГАЦИЯСИ НУФУЗЛИ ФАТВО КЕНГАШИ АНЖУМАНИДА ҚАТНАШАДИ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчилигидаги делегация шу йилнинг 15-17 декабрь кунлари Абу Даби шаҳрида бўлиб ўтадиган халқаро конференцияда иштирок этади. Ушбу тадбир Бирлашган Араб Амирликлари Президенти Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён ташаббуси билан 2026 йил “Мустаҳкам оила йили” деб эълон қилиниши муносабати билан БАА Фатво кенгаши томонидан ташкил этилган.
Анжуманда Халқаро ислом фиқҳи академияси Бош котиби Қутб Мустафо Сано, БАА Бағрикенглик ва бирдамликда яшаш вазири Шайх Наҳаён бин Муборак Ол Наҳаён, БАА Фатво Кенгаши раиси, таниқли аллома Абдуллоҳ бин Байя, Миср Араб Республикаси собиқ муфтийси Шавқий Аллом каби давлат ва дин арбоблари, таниқли уламолар ва илмий-тадқиқотчилар иштирок этади.
Конференция ишида қуйидаги масалалар муҳокама қилинади:
– глобаллашув даврида оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш ва бу борада воқелик фиқҳи, шаръий фатволарнинг аҳамияти;
– оила ҳаётида юзага келадиган ижтимоий муаммолари ҳуқуқий меъёрлар ва ислом фиқҳи асосида ҳал этиш;
– оила ва жамият фаровонлигига хизмат қиладиган замонавий фатволарни ишлаб чиқишда ҳамкорлик қилиш;
– сунъий интеллект ва рақамли иловалар ёрдамида жамият ҳамжиҳатлигига ҳисса қўшадиган дастурлар, мобил иловалар ишлаб чиқиш;
– оила ва жамият мустаҳкамлигини таъминлашда фатво муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари ва уламоларнинг ўзаро ҳамкорлиги ва тажриба алмашишини кучайтириш кабиларни ўз ичига олади.
Ўқиладиган илмий маърузалар ва тақдимотларда мазкур йўналишлардаги шаръий-ҳуқуқий асослар, ҳужжат-далиллар, илғор тажрибалар ва инновацион лойиҳалар муҳокама қилинади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати