ФИТНА НИМА?
“Фитна” арабча сўз бўлиб, “синаш”, “балога йўлиқтириш”, “имтиҳон қилиш”, “текшириш”, “ажратиш”, “саралаш” каби бир қанча маъноларни англатади.
Араб тилида “Фатантул физзота ваз заҳаба”, яъни олтин ва кумушни яхшисидан ёмонини ажратиш учун уни ўт билан эритдим, дейилади. Аслида “фитна” сўзи ижобий маъно англатган. Кейинчалик истеъмолда салбий маънода қўлланиладиган бўлган.
“Фитна” сўзи яна бирор нарсадан ҳайратланиб, ажабланишга нисбатан ҳам қўлланилади. Демак, фитна имтиҳон маъносида келса – ижобий, фасодга олиб борувчи, ажабланиш маъносида келса – салбий маънога далолат қилади. Луғатшунос олимлар фитнанинг бир қанча маъноси борлигини айтганлар.
Журжоний раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Фитна инсонни яхши ва ёмон ҳолатини баён қиладиган нарсадир”.
Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Фитна ҳақ ва ботил билинмайдиган даражада мулк талабида ихтилоф қилишдан пайдо бўладиган нарсадир”.
Азҳарий раҳматуллоҳи алайҳ: “Фитна синаш, имтиҳон қилиш маъноларини беради”.
Муновий раҳматуллоҳи алайҳ: “Фитна бир офат бўлиб, ботиний ишларни юзага чиқарадиган муомаладир”.
“Фитна” сўзининг истилоҳдаги таърифи эса луғатдаги каби кўп маъноларни билдиради. Олимлар томонидан айтилган истилоҳларни бир жойга жамлайдиган бўлсак, қуйидаги таъриф келиб чиқади: “Фитна салбий ва ижобий маъноларга эга сўз бўлиб, ижобий маънода келса, имтиҳон қилиш, салбий маънода келганида фасод ва ажабланиш маъноларида қўлланиладиган ижтимоий иллатдир”.
Қуръони карим оятларида “фитна” сўзи бир қанча маъноларда келади. Бу сўз муборак каломнинг турли оятларида ширк, куфр, гуноҳ, азоб, синов, қотиллик, тўғри йўлдан тўсиш, залолат, узр, ғафлат каби маъноларда учрайди.
Шуни яхши билиб олишимиз керакки, Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларда Аллоҳ таолога нисбати берилган фитна сўзи бандаларни синаш, имтиҳон қилиш маъносида келади. Мўмин кишининг мол-давлати, бола-чақаси, мансаби ва насл-насабини деб фитнага учраши ажабланиш маъносидадир.
Ёмонлик, қотиллик, фасод ва адоватга сабаб бўладиган фитна бошқа маънода келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни огоҳлантирган кўриниши айни шу қисмидир. Ҳофиз ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ бу ҳақда қуйидагиларни айтган: “Фитна сўзи қайси маънода келаётгани ишора ва гапнинг уловидан билинади”.
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРнинг
“Фитна – кўз илғамас хатар” асаридан
http://hidoyatuz.taplink.ws