Улкан мақсадни кўзламоқ керак
Ёш йигит ота-онасининг ёнига кириб ҳалол йўл билан даромад топишга ҳаракат қилса, унинг бу иши мақтовга лойиқ. Лекин қобилияти, маънавий истеъдоди, илм-фанга иштиёқи бўлган ёшларнинг умрини фақат шу тор доирадан ўтказиши маъқул кўрилмаган.
Мутафаккир бобомиз Алишер Навоий бир қитъасида ёшларга насиҳат қилиб:
Йигитликда йиғгил илмнинг махзани,
Қарилик чоғи харж қилғил ани, – деган.
Зотан, у ўзи ҳам ана шу айтганига амал қилган ва илму ижоду маърифатда ниҳоятда улкан муваффақиятларга эришганки, бундан олам аҳлининг хабари бор. Аммо негадир аксаримиз илм-фанда катта ютуқларга эришган олиму уламолар ҳақида ўқисак, улар бошқача инсонлар бўлган-да, деймиз. Гўёки улар бизга намуна бўлолмайди, аниқроғи, биз нима қилсак ҳам улардек бўла олмаймиз, уларнинг ҳолати биз ва болаларимизга дахлдор эмас, деб ўйлаймиз. Шундай олий мақсадлар ва ютуқлар ўзимиз ҳамда фарзандларимизга мос келмайди, деб ўзимизни ва болаларимизни тушкунликка, ундан ҳам ўтказиб лоқайдликка маҳкум қиламиз. Оқибатда умримизни ўткинчи дунё ишларига сарфлаймиз, баъзиларимиз ҳатто дунё ишларида ҳам катта муваффақиятга интилиш ўрнига, бир амаллаб кун ўтказиш билан кифояланамиз.
Бундан ҳам ёмони, кўп ёшларимиз шуни ҳам қилмайди, вақтини виртуал оламда беҳуда ўтказади. Ўйинлар, фильмлар, қизиқарли видеолар, кимнидир кулдириш, ўйин ўйнаш, ҳазиллашиш билан умрини совураётган ёшлардан катта нарсалар кутиш-ку хомхаёллик. Боз, уларнинг ўзлари ҳатто ёшининг каттариб кетганини сезмай қолишади.
Аллоҳ таоло охиратга тайёргарлик каби жиддий вазифалардан ташқари, дунёвий хоҳишлар ҳақида: “Билингизки, бу дунё ҳаёти фақат ўйин, эрмак, зийнат, ўзаро фахрланиш ва мол-дунё ҳамда фарзандларни кўпайтиришдан иборатдир”(Ҳадид сураси, 20-оят) деб айтган.
Аслида дунё ишларининг бир қисми эҳтиёжларни ҳалол йўл билан таъминлаш учун зарур. Айни чоқда унинг ҳам эҳтиёждан ортиқ қисми фойдасиз ва кўнгилочарлик ҳисобланади… Энди эса ҳеч қандай фойда бермайдиган ўйинлар, фильмлар, сериалларнинг нималигини тасаввур қилаверинг.
Бу дунё ҳаёти охиратга нисбатан деярли тушга ўхшаган нарса. Инсон ўлганида ҳақиқий ҳаётга уйғониб, “Дунё ҳаёти биз ўйлаганимиздек ҳақиқий эмас, қанчалик ўткинчи ва қийматсиз экан”, дейди. Солиҳ амаллар ва уларгавасила бўлган нарсалардан ташқари дунё қанчалик сохта ва алдовчи эканини кўради. Шундай бўлса, виртуал олам – ўйин ва кўнгилочарлик бўлган бу дунё ҳукми қандай бўлади? Булар сохтанинг ҳам сохтаси эмасми?
Ҳозирга қадар кўрган фильмлар, сериаллар, ўйинларимиз нима фойда берди? У ўйинларда топилган очколар қандай аҳамиятга эга?
Бир неча ўн йилликлар бурун ёшлик – жўшқинлик даври ҳисобланарди. Ёшлар дунёда бўлаётган воқеалар билан қизиқадиган, улар ҳақида ўзининг мустақил фикрини дадил айта оладиган, дунёқараши кенг, мулоҳазали, бирор нарса қилишга ишонган инсон эди. Ҳозир эса “ёшлик” дейилса нима ёдга келади, шуни бир ўйлаб кўрайлик, азизлар!..
Дамин ЖУМАҚУЛ
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил, 22-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws