Саҳро одамлари таъбирида Ватан тушунчаси
Абу Усмон Амр ибн Баҳр Жоҳиз раҳматуллоҳи алайҳ “Ал-ҳанину илал автон” рисоласида айтади: “Аъробийлар (тўпори инсонлар)ни қақраб ётган қишлоқларига, фақирона (ҳаёт кечирадиган) ерларига, (юртининг) қаттиқ тошларига ҳамда хавфли шамол эсадиган (иқлими соғлиққа зарар) жойларига ошиққанига гувоҳ бўласиз”.
Аъробий аёл айтди: “Аҳлингдан бошқа ерда бўлсанг, хорликдан насибанг борлигини унутма!”
Бир аъробийга: – Саҳрода иссиқ кучайиб, ҳар бир нарсанинг сояси ўзига тушганда нима қиласиз? – деб сўрашди.
Аъробий: – У пайтда, саҳрода юриб, пешонамдан марварид каби терлар оқса, ҳассани санчиб, унга кийимимни иламан. Ўша кийимимнинг соясида, ҳар томондан шабада эсиб, гўё Кисронинг айвонида ўтиргандек ўтираман, – деб жавоб берди.
Бир аъробийга:
– Бахт нима? – дея савол беришди.
У:
– Кифоя қилгудек ризқ билан ватанда яшаш ва дўстлар билан ўтириш, – дея жавоб берди.
– Унда хорлик (бахтсизлик) нима? – дея сўрашди ундан.
– Шаҳарда кўчиб юриш ва ватандан узоқда яшаш, – дея жавоб берди у.
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРнинг “Исломда ватан тушунчаси” китобидан