Сув етказилмаган товонлар
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Сафарларимизнинг бирида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам биздан орқада қолиб кетдилар. У зот бизга етиб келганларида намоз (вақти) бизни шошириб қўйган эди. Биз таҳорат олиб, оёқларимизга масҳ тортишни бошладик (ёки шошиб, оёқларимизни яхши ювмадик). Шунда у зот баланд овозда: “(Сув етказилмаган) товонларга дўзах ўти бўлсин!” деб, икки ёки уч марта нидо қилдилар»(Имом Бухорий ривояти).
Имом Муслимнинг ривоятида бундай дейилган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Маккадан Мадинага қайтаётган эдик. Йўлда бир сув манбаига етганимизда, бир гуруҳ одамлар аср (намози) пайтида шошиб таҳорат олишга киришди. Биз уларнинг ёнига борганимизда, товонларининг сув тегмаган жойлари кўриниб турарди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Товонларига (сув етказмаганларга) дўзах азоби бўлсин! Таҳоратни мукаммал қилинглар!” дедилар».
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам доимо саҳобаларининг ҳолларидан воқиф бўлиб, уларга таълим берар ва хатоларини тўғрилаб, йўл кўрсатар эдилар. Бу ҳадисда ҳам у зот баъзи саҳобаларнинг таҳоратдаги хатоларига урғу бермоқдалар. Чунки улар намозга шошганлари учун оёқларини чала ювишганидан товонларининг баъзи жойларига сув тегмай қолганди.
“(Сув етказилмаган) товонларга дўзах ўти бўлсин!” Бу таҳоратнинг фарзини тўлиқ бажармаган кишиларни огоҳлантириш учун айтилган таҳдиддир. Чунки оёқ тўлиқ ювилмаса, таҳорат комил бўлмайди. Таҳорат комил бўлмаса, намоз дуруст бўлмайди. Намоз дуруст бўлмаса, Аллоҳнинг фарзи адо қилинмаган бўлади. Айнан товонларнинг зикр қилиниши оёқни ювмай, масҳ тортиб олса ҳам бўлаверади, дейдиган сохта салафийларга ишорадир. Модомики, оёқда маҳси ёки унинг ўрнини босувчи нарса бўлмаса, оёқларни ювиш фарз бўлади.
Қолаверса, оёқнинг товон қисми кўздан йироқ ва эътибордан четда бўлгани учун ҳам унга сув етмай қолиш эҳтимоли кўпроқ кузатилади.
“Таҳоратни мукаммал қилинглар!” Таҳоратнинг ҳар бир фарзини тўла-тўкис адо этиш лозим. Бепарволик, палапартишлик, шошқалоқлик билан таҳорат олиш унда нуқсонга йўл қўйишга олиб келади.
Демак, таҳорат олишда бунга жиддий эътибор бериш, оёқ учидан тўпиқларигача тўлиқ сув етишини таъминлаш зарур. Бунинг учун оёққа бир марта сув қуйиб, чап қўл билан оёқ яхшилаб ишқаб чиқилади (панжалари ораси жимжилоқ билан хилол қилинади). Кейин яна икки марта сув қуйиб оқизилса, шунда оёқнинг ҳамма жойига сув тўлиқ етиб боради ва фарз адо бўлади. Юз-қўлларни ҳам ювишда шундай йўл тутиш мақсадга мувофиқ.
Ҳадисдан олинган фойдалар:
– Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларига бўлган шафқатлари. У зот карвоннинг охирида юриб, заиф ва ожизларнинг ҳолларидан хабардор бўлар ҳамда уларга ёрдам кўрсатар эдилар;
– саҳобалар розияллоҳу анҳумнинг гарчи сафарда, чарчоқ ва машаққатда бўлсалар ҳам намозни ўз вақтида адо этишга бўлган ҳарисликлари;
– Расули акрамнинг шаръий ҳукмни баён қилишга бўлган ғайратлари, содир бўлган шаръий хатога сукут сақламаганлари;
– жамоатнинг кўплиги, масофанинг узоқлиги ёки бошқа сабабларга кўра тингловчиларга етиб бориши учун таълим беришда овозни баланд кўтариш жоизлиги;
– айтилган гап яхши тушунилиши учун уни такрорлаш жоизлиги. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таълим услубларидан биридир. Зеро, такрорлаш орқали тингловчилар уни ёдлаб олишлари, шубҳаланганлар эса, ишонч ҳосил қилишлари мумкин.
Азизбек ХОЛНАЗАРОВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил 22-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws