ИНСОН АЗИЗ ВА МУКАРРАМ
Аллоҳ таоло барча мавжудотлар орасида биргина инсонни азиз ва мукаррам қилиб яратди. Унга кўплаб қобилият ва хислатлар ато этиб, бошқа махлуқотлардан устун ва афзал қилиб қўйди. Бу тўғрида бир қанча Қуръон оятлари ва ҳадиси шарифлар ворид бўлган.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилган: “Батаҳқиқ, Биз Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик” (Исро сураси, 70-оят).
Ушбу ояти каримада Одам болаларининг азиз ва мукаррам экани балоғат вафасоҳатга бой гўзал услубда баён этилган. Агар мана шу биргина оятни чуқур ва муфассал ўрганмоқчи бўлсак, шунинг ўзи алоҳида бир китобга етарли мавзу. Биз ундаги айрим нуқталарга тўхталиб ўтамиз, холос. Дастлаб оят таъкидни ифодаловчи “лом” ва “қод” ҳарфлари билан бошланганига эътиборни қаратайлик. Ундаги “каррома” ва “фаззола” феъллари тафъил бобида келган. Араб тили қоидаларига кўра, бу феъл боби бир нарсанинг орттирма даражасини англатади. Дарҳақиқат, инсон бир жиҳатдан эмас, кўп жиҳатдан мукаррам ва фазилатлидир. Мазкур оятнинг ўзида бунга учта мисол келтирилган:
– инсоннинг қуруқлик ва денгизда узоғини яқин, оғирини енгил қилувчи турли уловларга миндирилгани;
– пок неъматлар ризқ қилиб берилгани;
– яратилган кўпгина мавжудотлардан мутлақ афзал қилиб қўйилгани.
Қуруқлик ва денгизда уловларга миндирдик деганда, барча турдаги уловлар, жумладан, замонавий транспорт воситалари ҳам назарда тутилади…
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРнинг “Инсон қадри” китобидан