Ислом табиатни асрашга чақиради
Бош Қомусимизнинг 68-моддасида: “Ер, Ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир”, деб белгилаб қўйилган. Бугун шу асосда юртимизда табиатни муҳофаза қилиш буййча кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Зеро, Ислом дини ҳам атроф-муҳитни муҳофаза қилишга жиддий эътибор қаратади.
Табиат Аллоҳ таолонинг улкан неъмати бўлиб, У Зот одамга атроф-муҳитни озода сақлашни, муҳофаза қилишни, ифлослантирмасликни буюрган. Акс ҳолда, ёмон оқибатларга олиб келиши ҳақида огоҳлантирган. Бугунги кунда сайёрамизда бўлаётган кўплаб фалокатларни кўриб, Қуръони каримдаги бу оят ёдга келади: “Одамларнинг қилмишлари сабабли қуруқлик ва денгизда бузғунчилик пайдо бўлди. Бу уларнинг (ўз қилмишларидан) қайтишлари учун қилган баъзи (ёмон) ишлари (жазос)ни уларга тоттириш учундир” (Рум сураси, 41оят).
Яъни қаҳатчилик, қурғоқчилик, зироат ва тижоратдан бараканинг кетиши, турли касалликларнинг тарқалиши ҳамда ўт, сув балоси каби офатлар одамларнинг қилмишларига яраша жазо ҳисобланйб, шу билан бирга, уларни огоҳлантириш учундир.
Зотан, динимиз таълимотида поклик иймондан экани қатъий таъкидланган. Аллоҳ таоло Ер юзини ислоҳ қилишга амр этган: “…Ва ислоҳ қилингандан кейин Ер юзида фасод қилманг ва Ундан қўрқиб тама ила дуо қилинг. Албатта, Аллоҳнинг раҳмати яхшилик қилувчи ларга яқиндир” (Аъроф сураси, 56-оят).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифлардан бирида: “Мен учун Ернинг ҳаммаси сажда қиладиган жой ва покловчи қилиб берилди”, деганлар (Имом Баззор ривояти).
Бунда тупроқнинг поклигига, уни муҳофаза қилиш зарурлигига ишора қилинмоқда. Чунки мўмин-мусулмон одам тупроқ устида намоз ўқийди. Демак, уни ифлос қилмаслик лозим. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўлларни, кўчаларни озода тутиш, йўлдан азият берувчи нарсаларни олиб ташлашга буюриб, бу иш садақа эканини таъкидлаб бундай деганлар: “Йўлдан азият берувчи нарсани олиб ташлашингиз ҳам садақадир” (Имом Бухорий ривояти). Шунингдек, у зот тинчлик пайтида ҳам, уруш асносида ҳам дарахтларни кесмасликни, ўрмонларни ёқмасликни буюрганлар. Бу эса атроф-муҳит муҳофазасига эътиборнинг юксак кўринишидир. Зеро, бу ўгитлар бугун янада муҳим аҳамият касб этиб бормоқда.
Жаҳонгир ҲОТАМОВ,
ЎзМИ Ҳуқуқшунослик бўлими мудири
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил, 11-сонидан