Либос – маънавий қадрият
Либос инсонни иссиқ-совуқдан сақлайди, авратларни беркитади ва кишига зийнат бўлиб хизмат қилади. Афсус, ёшларимиз орасида замонавийлик дея миллийлигимизга ёт, динимиз талабларига зид кийиниш тарзи оммалашмоқда. Бу бошқа миллат вакилларига кўр-кўрона тақлиднинг оқибатидир.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эй Одам болалари, дарҳақиқат, Биз сизларга авратларингизни беркитадиган либосни ҳам, ясан-тусан либосини ҳам нозил қилдик. (Ҳаммасидан) яхшироқ либос тақво либосидир” (Аъроф сураси, 26-оят). Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло бандаларига авратларини беркитиш ҳамда уларга зийнат бўлиш учун турли либосларни бергани, яъни уларга бу нарсаларни бичиш, тикиш ва тайёрлаш учун имкон яратганини “нозил қилдик” деган сўз билан эслатар экан, авратларни мазкур либослар ила тўсишга амр этмоқда.
Маълумки, кийим инсоннинг нафақат ташқи кўриниши, маънавий дунёси, ахлоқий сифатларини ҳам акс эттиради. Ёшларимизнинг урф кетидан қувиб, европача услубдаги тор, очиқ-сочиқ ва калта либосларни кийишлари на миллийлигимизга, на динимизга тўғри келади. Бу маънавиятимиздаги оғриқли ҳолатдир. Аслида кийиниш одоби ўзбекона маданиятнинг ажралмас қисми ҳисобланади.
Урф деб қараладиган бачкана кийимларни эгнига илаётган айрим йигит-қизларимиз қаттиқ адашишмоқда. Бу уларнинг дунёқараши қанчалик саёз эканини акс эттиради. Шу ўринда бир ҳақиқатни айтишни ўринли деб биламан. Ёшларнинг кийиниш маданиятида ота-оналарнинг ўрни алоҳида. Танасига ёпишиб турувчи ёки калта ва очиқ кийимларни ўз қизларига олиб бераётган баъзи ота-оналар бунинг салбий оқибатларга олиб келишини билишармикан? Афсуски, фарзандининг кийинишига бефарқ қарайдиганлар талайгина.
Кийиниш борасида нафақат қизларимиз, балки йигитларимиз ҳам тобора “замонавийлашиб” боришяпти. Кўча-кўйда ҳар хил бемаъни ёзув ва расмлар туширилган футболка, калта шим ва шиппакларда юрган ўсмирларга кўзимиз тушади. Мисол учун, сигарет чекаётган одамнинг сурати туширилган ёки скелет расми солинган футболкаларни эгнига илиб олган ёшларни тарбияли деб айтиб бўладими?
Бунга нафақат ташқи муҳит, балки айрим “замонавий” оилаларнинг ўзи ҳам айбдордир. Тасаввур қилинг, калта шим ёки футболка кийган ота ёки тор ва очиқ либосга бурканган она ўз фарзандига қандай ибрат бўлади?!
Биз маънавий илдизи бақувват халқмиз. Асрлар давомида шаклланган, миллий қадриятлар даражасига кўтарилган кийиниш одобига доир ажойиб анъаналаримиз борки, бугунги авлод вакиллари улардан ҳар қанча ўрганса, ибрат олса арзийди.
Шу маънода ҳар бир ота-она фарзандларининг кийинишига эътибор берса, уларни доимий назорат қилса, юқоридаги салбий ҳолатлар юзага келмайди. Қолаверса, бу юмушни умумжамият вазифасига айлантириш, миллий ва диний қадриятларни кенг миқёсда тарғиб этиш, мазкур масалада маҳалла, таълим муассасаси ва ота-она ўртасида самарали мулоқотни ўрнатиш яхши натижа беради.
Мусо АБДУЛЛАЕВ,
Урганч тумани “Назар Хўжа бобо” жоме масжиди имом-хатиби
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил, 22-сонидан