ЖИНЛАРНИНГ ИМОНГА КЕЛИШИ
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зайд ибн Ҳориса билан Маккага қайтдилар. Нахла деган жойда бироз дам олиш учун ўтирдилар. Бу пайтда Насибин жинлари Нахлага етиб келишганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қироат қилиб, намоз ўқиётган эдилар. Жинлар Аллоҳнинг каломини эшитиб, бир зум тўхтаб қолишди ва имон келтиришди. Аммо Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундан бехабар эдилар. Аллоҳ таоло бунинг хабарини Қуръони каримнинг қуйидаги оятлари орқали билдирди:
«(Эй Муҳаммад!) Айтинг: “Менга ваҳий қилиндики, жинлардан бир гуруҳи (тиловатимни) эшитиб, (ўз қавмларига бориб) дедилар: “Дарҳақиқат, бизлар ажиб бир Қуръонни эшитдик. У тўғри йўлга ҳидоят қилади. Бас, дарҳол унга имон келтирдик. Бизлар (энди) Раббимизга ҳеч кимни сира шерик қилмагаймиз”» (Жин сураси, 1–2-оятлар).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккага қайтиб келдилар. Аллоҳ таоло буюрган пайғамбарлик вазифасини бажаришда давом этдилар.
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРнинг
“Тасаддуқ, ё Расулуллоҳ” китобидан