Эшитганини айтавериш ёлғончи бўлишга етарлидир
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кишининг эшитган ҳар бир нарсани (текширмай) гапиравериши унинг ёлғончи бўлишига етарлидир” (Имом Муслим ривояти).
Ҳадисда инсонни ортиқча гапдан, ҳар нарсани айтаверишдан қайтарилмоқда. Чунки кўп гапириш одамни беихтиёр ортиқча сўзга, баъзан эса ёлғонга етаклайди.
Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ “Риёзус солиҳин” асарида бундай дейди: “Инсоннинг гапи уч турга бўлинади: хайрли гап – унга савоб ёзилади; ёмон гап – унинг учун гуноҳ ёзилади; мубоҳ гап – унда на савоб, на гуноҳ бор, лекин бундай гапни ҳам кўпайтириш яхши эмас, чунки у одамни гуноҳга етаклайди.
Замонавий ахборот асрида инсон бир кунда минглаб маълумот эшитади ва кўради. Интернет, ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар орқали тарқалаётган хабарлар орасидан ҳақиқат билан ёлғонни фарқлаш жуда қийин. Шундай шароитда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мазкур ҳадислари беқиёс аҳамиятга эга.
Ҳадисда ёлғонни қасддан тўқиш ҳақида эмас, балки бепарволик билан маълумот тарқатиш ҳақида сўз бормоқда. Яъни инсон маълумотни текширмай, “эшитдим, шундай дейишди”, деб бошқаларга айтиб юборса, у беихтиёр ёлғон тарқатувчига айланади.
Аллоҳ таоло огоҳлантиради: “Эй мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!” (Ҳужурот сураси, 6–оят).
Агар инсон маълумотни текширмасдан тарқатса, бегуноҳ одамни айблаши, айбдорни оқлаши, гапда ҳаддан ошиб кетиши, ёмонликни кўпайтириши мумкин.
Шунинг учун ақлли, эҳтиёткор мусулмон ҳар бир сўзини текшириши, айниқса, бошқалардан эшитган хабарни тарқатишда эҳтиёт бўлиши керак.
Хабарни текширмасдан тарқатиш инсонни маломатга қўяди. Шунинг учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқа ҳадисда дедилар: «Кишининг “айтишларича” деган сўзни восита қилиши нақадар ёмон!» (Имом Абу Довуд ривояти).
“Айтишларича” деган гап ёмонланди, чунки у исботсиз, ёлғонга яқин сўздир. Айнан шундай ҳолатдан имом-хатиблар минбар соҳиблари ва оммавий ахборот соҳаси вакиллари жуда эҳтиёт бўлишлари керак. Чунки улар одамларга хабар, маълумот етказадилар.
Хйтой мақолида айтилади: “Ёлғон хабар қор тўпига ўхшайди: бошида тухумдек бўладй, охирида тоғдек катталашади”. Кимдир қўшиб айтади, кимдир безайди, кимдир янглиш етказади – натижада гап катта “ишонарли ёлғон”га айланади. Бу эса одамларнинг қалбига ихтилоф солади, муҳаббатни йўқотади. Шунинг учун мусулмон киши хабар ҳақиқатлигини билмаса, уни тарқатмаслиги, Аллоҳдан тақво қилишни эслатиши, ёлғон тарқатишнинг оқибатидан огоҳлантириши керак. Чунки ёлғон хабарлар туҳмат тарқатиши, одамларнинг ҳаётига таҳдид солиши мумкин.
Киши доимо тилини ёлғондан асраш лозйм. Ишора, ғийбат ва туҳмат ҳам ёлғон хабарлар тарқатишнинг турларидир.
Ҳозирги кунда ижтимоий тармоқларда ёлғон хабарлар кўпайди. Кимдир “фалон одам вафот этди” дейди, аслида у тирик бўлади. Шу каби ҳолатлардан эҳтиёт бўлиш лозим.
Хулоса шуки, энг муҳими, эшитган ҳар бир нарсани текшириш. Хусусан, илм аҳли, уламолар, диний шахслар ҳақидаги ёлғон хабарларни тарқатиш жуда хавфли. Агар шундай шов-шув эшитсангиз, унинг тарқалишини эмас, ёйилмаслигини таъминлашга ҳаракат қилинг. Тарқатувчини Аллоҳдан қўрқишга чақиринг. Чунки ёлғон ва шов-шувни тарқатиш иймоннинг заифлигидан, ақлнинг етишмаслигидан ва қалбнинг соф эмаслигидан далолатдир.
Жамшид ШОДИЕВ
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 11-сонидан