Ўз номига муносиб Аълам домла
Мулла Мўмин Аълам домла 1862 йилда Фарғонанинг Чўринди қишлоғида туғилган. Домла бошланғич таълимни чўриндилик Турдиқул ва Даливой домладан олади. Сўнгра Бухородаги Мир Араб мадрасасида араб, форс ва турк тилларини, ҳандаса илмини, шариат қонун-қоидаларини пухта ўрганади.
Аълам домла Бухоро амирлигида ўтказилган “Даҳяк” танловида ғолиб бўлиб, катта мартаба ва эҳтиромга, шунингдек, “Аълам”лик унвонига сазовор бўлади. “Аълам” шариат қонун-қоидалари юзасидан берилган фатвони тасдиқ ёки рад этувчи диний арбоб, деган маънони англатади.
Бир куни Бухорода яшовчи яҳудий миллатига мансуб қассоблар мусулмончилик расм-русумлари асосида гўшт сотишга рухсат сўрашганида, Аълам домла уларга рухсат бериб муҳр босган. Аммо бу бошқа қассобларнинг норозилигига сабаб бўлиб, “пора олди”, деган туҳмат тарқатишган. Умуман олганда, домланинг ҳаёти осон кечмаган. У кўп синовларни бошидан кечирган.
Аълам домла Бухородан Қўқонга қайтгач, мадрасада дарс бера бошлайди. Кейинчалик ўзи туғилиб ўсган қишлоғи – Чўриндига кўчиб ўтади.
Аълам домла Бедарак қишлоғилик Бусолия исмли қизга уйланади. Улар 3 нафар фарзанд кўради. Аммо 1910 – 1920 йилларда тарқалган касаллик сабабли фарзандлари вафот этган. Кейин домла Парқинса исмли аёлга уйланган, у ҳам илмли ва меҳрибон эди.
Парқинса она Говхона қишлоғида яшаган ва 1965 йилда вафот этган. У кишининг қабри Чўриндида жойлашган.
Аълам домла кўплаб шогирдлар етиштирган. Уларнинг энг машҳурлари Худойқул мулла, Муҳаммадюсуф мулла, Хизирали бувалардир.
1930 йиллар атрофида Аълам домла “қулоқлар” рўйхатига киритилиб, қамалади. Сўнгра шогирдлари ҳамда муридлари уни озод қилган. Тожик қишлоғида бир неча йил яшайди ва 1943 йилда яна Чўриндига қайтади.
Бироқ уй-жойи бошқа кишилар томонидан эгаллаб олинади. Домла ҳақини талаб қилиб судма-суд юради. Охири ҳақиқат ғолиб келиб, уй-жойини қайтариб олади.
Аълам домла 1959 йил Рамазон ойининг жума куни 97 ёшида вафот этади.
2010 йилда Чўринди қишлоғида унинг қабри устига сағана ва айвон қурилди.
Домла ва Парқинса она фарзандсиз бўлсалар-да, икки қизни – Муҳсинахон ва Ҳабибахонни оқ ювиб, оқ тараб катта қилди. Муҳсинахон ая ҳозир ҳам домла яшаган хонадонда фарзандлари билан истиқомат қилади.
Чўринди қишлоғидаги собиқ “Катта масжид” жомеи 1998 йилда Фарғона вилояти Адлия бошқармаси томонидан расман рўйхатга олинади ва “Мулла Мўмин Аълам” номи билан фаолият бошлайди. 2016-2017 йилларда масжид бинолари бузилиб, ўрнига замонавий иншоот қуришга киришилади. Тез орада қурилиш якунланиб, икки мингдан ортиқ намозхонга мўлжалланган ҳар томонлама замонавий жоме фаолияти йўлга қўйилади.
Мулла Мўмин Аълам нафақат эзгу фазилатларга эга инсон, балки фиқҳ соҳасини яхши эгаллаган олим ҳамдир. Унинг маслаҳатлари, ёзиб қолдирган қўлёзмалари бугунги кунда ҳам одамларнинг кўплаб муаммоларига ечим топишда дастуриламал вазифасини ўтамоқда.
Абдуфаттоҳ УМУРЗОҚОВ, Бағдод тумани
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил 22-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws