Айбларини билган адашмайди
Аллоҳ азза ва жалла бирор бандасига яхшиликни ирода қилса, унга ўзининг айбларини кўрсатиб қўяди. Яъни унинг басират (қалб) кўзи очилади ва нафсидаги айбларидан воқиф бўлади. Натижада уларни ислоҳ этишга имкон туғилади.
Кўпчилик инсонлар, одатда бошқаларнинг ўнлаб айбларини санаб бера оладилар-у, лекин ўз айбларидан ғофил бўладилар. Чунки нафс ўзини яхши кўради ва бу уни ўз айбларини кўришдан тўсиб қўяди. Шунинг учун банда бу борада бошқаларнинг ёрдамига муҳтож бўлади. Нафс тарбияси устозлари ўз нафсининг айбларини билишни истаганларга тўрт хил йўлни тавсия қилишган:
Биринчиси, нафс тарбиясида камолга етган ва бу йўлни пухта ўзлаштирган устознинг этагини тутиш, устоз-шогирдлик муносабатларини ўрнатиш. Устоз унинг айбларини кўрсатиб беради ва улардан халос бўлиш, мақталган хулқларни касб қилиш йўл-йўриқларини ўргатади. Мана шу нафсни ислоҳ қилишнинг энг афзал йўлидир.
Иккинчиси, оқил, тақводор, хулқи гўзал, фаҳму фаросатли – солиҳ киши билан дўстлашиш. Бундай дўст панд-насиҳатлари, танбеҳлари билан унга нафс иллатларидан қутулишига ёрдам беради.
Учинчиси, уни ёқтирмайдиганларнинг танқидидан фойдаланиш. Чунки бундай одамлар, одатда унинг камчиликларини, айбу нуқсонларини ахтаришади ва топган заҳоти юзхотир қилиб ўтирмай, юзига айтишади, танқид қилишади. Эҳтимол, инсоннинг айбларини айтадиган ашаддий душманидан олган фойдаси, уни мақтаб, айбларини яширадиган хушомадгўй дўстдан олган фойдасидан кўпроқ бўлиши мумкин.
Гарчи нафс табиатан душманнинг сўзини ёлғонга чиқаришга ва унинг гапларини ҳасадга йўйишга мойил бўлса-да, фаросати ўткир киши душманларнинг сўзларидан ҳам фойда олади.
Тўртинчиси, одамларга аралашиб, улардан содир бўлаётган одобсизлик, ахлоқсизликларни ўзига нисбат бериш. Бошқалар қандай ёмон сифатларга эга бўлса, ўзи ҳам ундан холи бўлмаслиги мумкин. Чунки “Мўмин мўминнинг кўзгусидир”. Шундай экан, ўз нафсини текширсин ва бошқалардан ёқтирмаган ҳар қандай нарсадан уни покласин. Бу усулни “Одобни одосиздан ўрган” тамойили деса ҳам бўлади. Агар одамлар шу йўл билан ўзларини ислоҳ қилганларида эди, тарбиячига сира муҳтож бўлмас эдилар.
Мазкур тўрт усул нафсни ислоҳ қилишда жуда муҳим. Биринчиси энг афзал ва осон йўл ҳисобланади. Чунки бу йўлда устоз этагидан тутган киши гўё табиб Мусулмон одоби топгандек бўлади. Қолган учта йўл эса тарбиячи, насиҳатгўй устозни топа олмаган кишиларнинг чора-тадбирларидандир.
Солиҳ зотлар доим ўзларига насиҳат қиладиган кишиларнинг сўзларига қулоқ тутишган. Ҳатто танқидларидан ҳам хурсанд бўлишган. Ҳузайфа розияллоҳу анҳуга: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мунофиқлар ҳақидаги сирларидан фақат сен хабардорсан. Менда ҳам мунофиқликнинг бирон асари йўқми?” деб ўзини тафтиш қилиб турарди. Жаннат башоратини олган зотлар ўз нафслари ҳақида шундай гумон қилишган бўлса, бошқалар ҳақида нима дейиш мумкин?!
Дарҳақиқат, ўз нафсини ва Раббисини таниган киши ўзига маҳлиё бўлмайди. Аксинча, нафсини айблашга ҳарис, насиҳатгўйлардан хурсанд бўлади.
Афсуски, бугун аксаримизнинг ҳолимиз шундайки, бизга насиҳат қилган, хатоларимиздан огоҳ этган кишини душман санаймиз. Агар кимдир бизни кийимимиз остида чаён борлигидан огоҳлантирса, ундан миннатдор бўлиб, дарҳол чаённи йўқ қилишга киришамиз. Ваҳоланки, чаённинг заҳри фақат танага етади ва оғриғи бир-икки кун ёки ундан ҳам кам муддат давом этади. Аммо ёмон хулқларнинг зарари қалбни заҳарлаб, кишини абадулабад азобга гирифтор қилиши мумкин. Шунга қарамай, биз у ҳақда огоҳлантирган кишидан хурсанд бўлиш, хатомизни тузатиш ўрнига унинг ўзини айблаш ёки ўзимизни оқлаш билан машғул бўламиз. Чунки қалбларимиз қорайиб қотиб кетган, иймонимиз заифлашиб қолган. Умар розияллоҳу анҳудек зотлар: “Менга айбларимни ҳадя қилган кишига Аллоҳ раҳм қилсин”, деб дуо қилар эди.
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг розилигига муваффақ қилсин!
“Иҳёу улумид дин” асари асосида
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
Мақсуд МАХСУМОВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил 23-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws