НАҚШБАНДИЯ ТАРИҚАТИДА ЗИКР ҚОИДАЛАРИ
Давоми. Бош ўтган сонда.
Назар бар қадам
Назарнинг қадамда бўлиши. Киши юраётганда мудом олдига қараши ва ўз иши билан машғул бўлиши керак. Кўзини ҳаромдан ва қалбини чалғитадиган нарсалардан сақлаши, ўзига тегишли бўлмаган нарсаларга аралашмаслиги лозим. Кўзини сақлай олмаган кишининг кўнгли чалкаш бўлади. “Бу йўлда жидду жаҳд қилмаган кимсадан жиддий ишлар чиқмайди”, дейилган.
Ҳақ йўлчисининг кўзида битта мақсади бўлиши, қалбини у мақсадда жамлаши ва кирган йўлида бутун ғайратини ишга солиши керак. Аллоҳ таолодан бошқа нарсаларга илтифот этмаслиги лозим. Мақсад сари югуриб кетаётган киши мудом олдига қарамоғи керакдир. Акс ҳолда, оёғи тойилиб, ерга йиқилади.
Айниқса, Ҳақ йўлчисининг сўзи билан иши бир бўлиши, ўз ҳолатига монанд сўзлаши ва муомала қилиши керак. Аҳли бўлмаган, ўзи билмаган, ўзи татимаган ҳолларидан ва илмлардан баҳс этмаслиги ва уни ўзига касб қилмаслиги лозим. Ҳар доим ҳолини ва ҳаддини билмоғи даркор.
Ҳақ йўлчиси ўзидан олдинда бўлганлардан ўрнак олиши ҳам муҳим. Заиф ва ортда қолганларни кўриб ҳолига шукр қилиши, шунингдек, уларга шафқат кўрсатиб, ёрдам бериши керак.
Яна мўмин тавозели бўлиши, асло кибрли ва димоғдор бўлмайди. Суннатга бош эгиб, ҳеч кимни ранжитмаслиги лозим.
“Рашаҳот” асарида ёзилишича, “Назар бар қадам”нинг мазмуни шуки, солик назари доимо оёғи учига қаратилган бўлсин. Назари нолойиқ жойларга тушмасин. Мавлоно Абдураҳмон Жомийнинг “Туҳфатул аҳрор” асарида ҳазрат Баҳоуддинга атаб ёзган байтлари бор:
“Кам зада беҳамдамий хуш дар дам,
Дар нагзашта назараш аз қадам.
Баски, зи худ карда басуръат сафар,
Боз намонда қадамаш аз назар”.
Мазмуни: “У ҳушёрсиз бирор нафас олмади, назари эса доимо қадамига қаратилган эди. У шу қадар катта суръат билан ўзлигидан узилиб сафар этдики, қадами ҳам назаридан ортда қолмади”.
Сўфи Оллоёр “Саботул ожизин” асарида “Назар бар қадам” қоидаси тўғрисида қуйидагича ёзган:
“Кел, эй мўъмин, агар тарсанда бўлсанг,
Кўзингни асрагин ҳар қандай бўлсанг.
Қуйи бўлсин ҳамиша нуқтаи чашм,
Мабодо бўлмагай бало тушиб хашм.
Назр қилгунча бад эй нафси маъюб,
Тушиб кўз нуқтаси кўр бўлгани хуб.
Саодатдур назар бўлса қадамда,
Тажовуз айлагач бўлса надамда.
Агар қон чашма бўлса, чашма эй меҳ,
Хатарлик ерга тушгандан эрур беҳ.
На хушдур дидай тарсанда бўлсанг,
Ва-гарна косасидан канда бўлсанг”.
“Назар бар қадам” қоидасидан мурод нигоҳни жиловлашдир. Чунки назар то ношоиста нарсаларга тушмаса, фикр бузилмайди, кўнгилда шайтон васвасаси авж олмайди. Демак, назар жиловланса, кўп гуноҳлардан одам тийилади.
Имом Раббоний қуддиса сирруҳу эса бу қоида ҳақида бундай деган: “Назар бар қадам” қоидасини “Ҳақ йўлчисининг кўзи оёғидан нари ўтмаслиги” деб тушунмаслик керак. Бу тушунча воқеликка тўғри келмайди. Бундан шу англашиладики: кўз мудом олдига қараши ва оёқ эса уни таъқиб қилиши керак. Чунки юксак мақомларга аввал кўз боқади, сўнгра қадам қўйилади. Инсон кўзини юксакларга қаратсинки, ғайратини унга қараб сарф этсин”.
Салоҳиддин ГАДОЕВ,
Бухоро шаҳар “Хўжа Исмат” жоме масжиди имом-хатиби