Тўёна қилиш шартми?
Кўп йиллардан буён маҳалла мулласи сифатида халқ хизматидаман. Фаолиятим давомида дин-диёнатга оид турли масалалар бўйича мурожаатлар бўлади.
Ўтган йили бир маҳалладошимиз тўёна масаласида савол сўраб келди. Унинг айтишича, бундан ўн йил муқаддам амакисига ҳам ёрдам, ҳам тўй қилсам қайтарар деган ниятда тўёна сифатида каттагина ҳўкиз берган. Аммо ўзи шу кунларда оғир дардга чалиниб, пулга муҳтожлиги боис, уни қайтариб олиш учун амакисига борса, у тўёна қарз эмас, у қайтарилмайди деб жавоб қилган. Мен унга қарз ниятида берган бўлсангиз олсангиз бўлади, дедим. Кейин у шунча ҳарақат қилмасин, бадавлат қондоши унга бир чақа ҳам бермади. Оқибатда у олти ой ўтиб вафот этди.
Бугун бундай воқеаларга тез-тез дуч келамиз. “Мен фалончининг тўйига мунча тўёна қилгандим, у бир сўм ҳам бермади. Ёки берганимнинг ярмини ҳам қайтармади”, “Унинг тўйига уни олиб бергандим, бунисини кўтаргандим. Ҳеч вақо қилмади ёки арзимаган нарса олиб келди” каби гап-сўзларга гувоҳ бўламиз. Бу нарса аёлларимиз ўртасида кўп учрайди. Қондошу яқинларининг тўйига олиб борган нарсасининг қанақа сифат ва туригача айтади. У қайтмаса анча вақт гапириб юради. Бундай тўёналар баъзида орага совуқчилик тушишига ёки айримларнинг бўйнида тўёна қарзи билан бу дунёдан ўтишига олиб келяпти.
Шунинг учун тўёна масаласида асл ният ва ҳолатни ажратиб олиш зарур. Шариат ҳукмига кўра, агар тўёна ҳадя сифатида берилса, қайтариб бериш ихтиёрий бўлади. Агар берувчи “тўй қилганимда қайтарасан” нияти билан берса қайтариши шарт.
Урфимизда тўёна тўй қиладиган одамга қариндош, уруғ, дўстлар ва қўшнилар томонидан бериладиган пул ёки совға. У аслида қийналган кишига кўмак сифатида берилиши лозим. Чунки моддий ёрдамни қайтариш шарт бўлмаса ҳам, агар муҳтож бўлса, эҳсон сифатида қайтариш ҳар бир мусулмоннинг бурчи ҳисобланади. Тўёна ҳам айнан шундай хайрли маънода қўлланилса, унда ҳақиқий барака бўлади.
Тўй қилаётган киши ҳам тўёна умидида тўй қилмаслиги, балки эҳсон дастурхонидан савоб умид қилиши зарур. Аммо бизда ўзига тўқ, бой-бадавлат инсонлар орасида тўёналар катта-катта суммаларда берилиши одат тусига кирган. Баъзи жойларда тўйга келган ҳар бир меҳмон тўёна бериши шарт қилинган. Агар пули бўлмаса, тўйга боролмайди, киши. Бу одатлар бирор мантиққа тўғри келмайди. Тўёна аслида муҳтожга ёрдам сифатида, қайтишига умид қилмасдан берилса, савоб бўлади. Бу ҳолатда киши ўз имкониятидан келиб чиқиб бериши зарур.
Таъкидлаш жоизки, бугун тўйларимиз ниҳоятда дабдаба ва исрофгарчиликлар билан ўтмоқда. Имкони йўқ ҳам, ўзидан ошириб-тошириб тўй қилиб, қарз ботқоғига ботяпти. Ўша тўёналар ҳам мана шундай ортиқча ҳашаматларга хизмат қиляпти. Агар ҳар ким ўз имконидан келиб чиқиб тўй қилса, турли кераксиз одатлар урчимас, яқинлар ораси бузилмасмиди?!
Анвар ҒУЛОМОВ,
меҳнат фахрийси
Самарқанд шаҳри
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 11-сонидан