Улуғ тариқат мероси тарғиботи
Президентимиз: “Бухоро – Имом Бухорийдек буюк ҳадисшунос олимлар, Муҳаммад Наршахийдек улуғ тарихчилар, Ибн Синодек тиббиёт илмининг пири бўлган тенгсиз алломалар, қадри баланд инсонлар юрти. Бухоро – Етти пир номи билан маълум ва машҳур бўлган азиз-авлиёлар хоки поклари ётган муқаддас заминдир”, дея таъкидлаган эди.
Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний (XII аср) бу Етти пир-авлиёларнинг устози ҳисобланиб, хожагон тариқатига асос солган. Шогирдлари Хожа Муҳаммад Ориф Ревгарий устозларидан олган илмни ўз шогирди Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавийга етказган, бу аллома эса Хожа Али Ромитанийга тариқатни танитган, у зот Хожа Муҳаммад Бобо Саммосийни тарбиялаган, Бобо Саммосий эса буюк сўфий Хожа Сайид Амир Кулолга сабоқ берган, мазкур шайх Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларига устозлик қилган. Шу таълимот бўлиб Хожа Баҳоуддин ҳазратлари сиймосида такомилга етиб, оламга ёйилди. Нақшбандия тариқати Туркия, Эрон, Кавказ, Покистон, Ҳиндистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Индонезия, Малайзия, Америка, Австралия каби қатор мамлакатларда тарқалган.
Давлатимиз Раҳбарининг маънавиятимизга, халқимизнинг виждон-эътиқодига катта эътибори туфайли 2025 йил 23 майда Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази ташкил этилди. Марказнинг асосий вазифалари эса нақшбандийлик тариқати алломаларининг юксак инсонпарварлик ғояларини тарғиб қилиш, шу мақсадда турли маданий-маърифий тадбирларни ташкил этиш, қалб иллатларини даволаш, яъни руҳий тарбия саналадиган тасаввуф таълимоти аҳамиятини тадқиқ этиш, бу таълимотнинг илмий асосланган ғояларини тарғиб қилиш, сохта тариқатчиликнинг олдини олиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш ҳамда Етти пир алломалари, азиз-авлиёларнинг бой илмий-маънавий меросини халқаро майдонда кенг тарғиб қилишдан иборат.
Азизхўжа ИНОЯТОВ,
Гавҳар ИСТАМОВА,
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил 23-сонидан