Қизиқишларини тўғри йўналтирайлик
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мўмин киши оқил, зийрак ва ҳушёр бўлади”, деганлар (Имом Дайламий ривояти).
Оқил одам ҳақ ва ботилни фарқлай оладиган, натижани олдиндан кўра биладиган илмли инсон. Зийрак киши ўз замонасидаги воқеа-ҳодисаларни таҳлил қила билиши, қайси соҳалар ривожланяпти, келгусида нималарга эътибор қаратишни билиши керак.
Бугун кашфиётлар даврида яшаяпмиз. Ҳар сонияда янгилик қилинмоқда. Аммо бу жараёнда мусулмонларнинг улуши қанча, деган савол кишини ўйлантиради.
Ҳозирда ҳар бир бола ўз замонасига мос тарзда ахборот технологияларига қизиқиб ўсмоқда. Ҳатто ёши улуғ киши смартфонлардаги функцияларни билмаслиги мумкин. Аммо ёш болалар бир сонияда ўзлаштиради. Тўғри, бугун фарзандларимиз телефону компьютер ўйинларига берилиб кетаётгани бор гап. Аммо болаларни бутунлай улардан маҳрум қилиш нотўғри. Ундан кўра, телефондан тўғри фойдаланишни ўргатиб “IT” соҳасига қизиқтириб, бу йўналиш бўйича шароит яратиб бериш лозим.
Тадқиқотларга кўра, компьютер ўйинларига қизиқадиган болалар техникани ўрганишга иштиёқи баланд бўлар экан. Шу иштиёқни тўғри йўналтирсак, биздан ҳам катта-катта кашфиётларчилар чиқса, ажабмас.
Афсуски, бугун кўплаб юртдошларимиз фақат пул топиш, яхши уй-жой қилиш, фаровон яшаш ғамида фарзандини ўқишдан кўра пул топишга қизиқтиради. У бу йўлда нималарга қўл урмайди, дейсиз?! Яхши даромад илинжида хорижга кетаётганларнинг чеки йўқ. Ундан кўра, уни илмга қизиқтирса, ўқиши учун шароит яратиб берса, келгусида ўша хорижда ишлаганидан кўп пул топар. Бу билан ўзига ҳам, юртига ҳам манфаат келтирган бўлади.
Ўзимиз илмга қизиқмасмиз, аммо фарзандларимиз биздан кўра илмли ва зиёли бўлишлари керак эмасми? Илм билан эл ичида ҳурмат қозониб, шу орқали Аллоҳни таниб, У Зотга тоат-ибодат қилиб ўтишга нима етсин?
Ҳусниддин САДРИДДИНОВ
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 11-сонидан