Қаттиқ қалбларга ҳикмат таъсир қилмайди
Қаттиқ қалбларга ҳикмат таъсир қилмайди, худди тошлоқ ерда экин кўкармаганидек.
Изоҳ. Бугун бутун оламларни Яратган Зот борлигига ишонмайдиганларнинг сони камаяётган даврда яшаяпмиз. Ер юзида кечаётган воқеалар улуғ ва қудратли Зотнинг иродасидан ташқарида эмаслигини, ҳар бир содир бўлаётган ишда Аллоҳнинг ҳикмати яширин эканини ҳар бир инсон гоҳо онгли, гоҳо онгсиз равишда, баъзан фаол, баъзан суст амаллари билан исбот этаётганига гувоҳ бўляпмиз. Лекин шундай бўлса-да, нега инсониятда тузалиш ўрнига бузилиш кўпроқ? Ҳар қадамда Аллоҳнинг борлигига минглаб далиллар намоён. Умри давомида лоақал бир марта бўлса ҳам инсон буни сезади. Бу сезги дилларни юмшатиб, яшнатиши лозим бўлган ҳолда нима учун қалблар қотиб, қақшаб боряпти? Бу ҳаддан ташқари қўрқинчли ҳолатдир. Ахир Аллоҳ таоло қалби қотган кимсаларга ҳалокат бўлишини, улар очиқ-ойдин адашишда эканини эслатса, бундан қўрқинчлироқ нима бўлиши мумкин?! Қуръони каримда: “Бас, диллари Аллоҳни эслашдан қотиб қолган (яъни Аллоҳни эслашни тарк қилган) кимсаларга ҳалокат бўлгай! Улар очиқ залолатдадирлар!” дея таъкидланган (Зумар сураси, 22-оят).
Тош “қаттиқлик”нинг рамзи. Бирор нарсанинг қаттиқлигини таъкидламоқчи бўлсак, уни тошга ўхшатамиз. Чиндан ҳам тош қаттиқ жисм, лекин ғайбларни билгувчи Зотнинг яширину ошкора ишларимизни кузатиб турганидан ғофил юришимиз, демакки, тўғри йўлдан залолатга юз буришимиз, дунё истакларини охират манфаатларидан устун қўйишимиз қалбимизни тошдан ҳам қаттиқ қилишга ишонасизми?! “(Эй бани Исроил) сўнгра (шундай мўъжизаларни кўргандан) кейин ҳам (иймонга келиш ўрнига) дилларингиз қотди. Бас, у (диллар) тош кабидир ёки ундан-да қаттиқроқдир. Зеро, шундай тошлар борки, улардан дарёлар отилиб чиқади, яна шундайлари борки, ёрилиб, ичдан сув чиқади, яна шундайлари ҳам борки, Аллоҳдан қўрққанидан (чўққилардан) пастга қулайди. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ғофил эмасдир” (Бақара сураси, 74-оят).
Аллоҳн кўп эслаш, доимо Қуръон тиловати билан машғул бўлиш қалбни юмшатади. Тазарру, яъни Аллоҳга зорланиб ёлвориш юмшоқ қалбдан чиқади. Соғлом қалб мусибат етса, эриб оқади. Тошбағир киши тазарру нелигини билмайди. Аксинча, кетма-кет келаётган балолар унинг қалбини баттар қотиради. Қилаётган иши тўғриликдан қанчалик узоқ бўлмасин, ўзини ҳақ деб билади, шафқатсизликнинг ҳар бир дарчасига бошини тиқиб ҳаво олади, ичи ҳаводан тўлади. Энди унинг учун атрофида муқаддас нарса қолмайди, ўзидан бошқа. Гўё боши осмонга етгандай шодмон турганида “пақ” этиб ёрилади: “(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), маълумки, сиздан аввалги миллатларга ҳам элчилар юборганмиз. (Элчиларни улар ёлғончи қилишган), шояд тавба-тазарру қилсалар деб, уларни бало-зиёнлар билан ушлаганмиз. Бизнинг балойимиз етганда ҳам тазарру қилмадиларми?! (Албатта тавба-тазарру қилишлари лозим эди), лекин уларнинг диллари қотиб қолган ва шайтон уларга ўзлари қилиб юрган ишларини чиройли кўрсатиб қўйгандир. Энди – қачонки улар ўзлари учун эслатма қилиб берилган нарсани унутишгач, Биз уларга ҳамма нарсанинг эшикларини очиб қўйдик. Қачонки ўзларига берилган нарсалар билан шод турганларида, Биз уларни тўсатдан (азоб билан) ушладик. Бас, бутунлай номурод бўлдилар” (Анъом сураси, 42–44-оятлар).
Илмга фақат пок қалб ва тақволи табиат билан етилади.
Изоҳ. Илм ҳосил этиш қаттиқ ва тўхтовсиз заҳматни талаб этади. Айтишади, токи илм учун борингни бермагунингча, илм сенга бир қисмини ҳам бермайди. Яъни, илм ягона мақсадингизга айланиб, бу йўлда бор кучингизни сарфласангизгина, нимагадир эришасиз. Шунда ҳам илм сизга ўзидан бир қисминигина берган бўлади. Илм талаб қилиш улуғ фазилат ва одоб қасрининг эшигидир. Киши бир нарсани билиб, унга амал қилиб боргани сайин илми зиёдалашади, атрофидагилардан фазли ортади, юксак одоби билан фарқлана бошлайди.
Илм ҳосил этиш шу даражада масъулиятли бўлгани учун ҳам бу йўлда натижага эришиш ниятнинг ўта холис бўлишини талаб этади. Холислик қалбни поклаб, табиатни тақвога ўргатади. Мана шундай муҳитда илм униб-ўсади, гуллаб-яшнайди, мева беради. Бундай илм эгалари Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом айтганларидек: “Албатта уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар на динор, на дирҳам мерос қолдирдилар. Улар илмни мерос қилдилар. Бас, ким илм олса, мўл-кўл улуш билан насибаланибди” (Имом Ибн Ҳиббон ривояти).
Рашид ЗОҲИД таржимаси
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 11-сонидан