“Хўжа Аламбардор” масжиди
Ушбу жоме Пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги Янгиобод маҳалласи Камолон кўчаси 71-уйда жойлашган.
Мазкур масжидга шу номнинг берилишининг сабаби қуйидагича, Марказий Осиё ҳудудида “аламдор” ёки “аламбардор” (байроқдор, байроқ кўтариб юрувчи) номидаги бир неча қабристон мавжуд. Ўша қабристонлардан бири қўшни Қозоғистон Республикасининг Сайрам шаҳрида. Олимларнинг айтишича, Тошкентдаги Аламдор қабристонида тикланган мақбара ҳам, Сайрамдаги Аламдор қабристонида қурилган мақбара ҳам аслида битта шахсга – машҳур аллома Қаффол Шошийнинг мулозимларидан бирига, ғазотда байроқ кўтариб юргани боис “аламдор” лақабини олган Сайид Абдулазизга тегишли. Олимлар 1681–1702 йилларга оид вақф ҳужжатларидан чиққан маълумотларга таяниб, шу хулосага келишди.
Хўжа Аламбардор мозоридаги масжид биноси 1790 йилда қурилган. 1924 йилда рўй берган сиёсий ўзгаришлардан сўнг масжид Шўро ҳукуматининг 1944 йилнинг 6 декабридаги қарори билан қайта очилган ва бугунги кунгача фаолият юритиб келмоқда.
Масжиднинг ҳозирги биносини қуриш 1993 йилда бошланиб 2005 йилда ниҳоясига етказилган. Масжиднинг эски хонақоҳини таъмирлаш ишлари 2009 йилда бошланган. Унда юртимизнинг барча ҳудудларидан тажрибали усталар ва дурадгорлар келиб меҳнат қилишган. 2011 йилнинг 22 июль жума куни илк бор ушбу масжиднинг эски хонақоҳида жума намози ўқилган.
Масжиднинг ўта жимжимадор ҳам, ниҳоятда оддий ҳам бўлмаган ички ва ташқи безаклари унга ўзгача салобат бағишлаб туради. Бугунги кунда “Хўжа Аламбардор” масжиди умумий майдони жами 5000 намозхонга мўлжалланган. Масжидга асосан Янгиобод, Камолон, Каттабоғ, Чарх Камолон, Самарқанд дарвоза ва Бешёғоч маҳаллалари аҳолиси намозга чиқади. Масжидда замонавий таҳоратхона ва бошқа барча шароитлар мўмин мусулмонлар ихтиёрида.
Робия ДАМИН қизи
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил 23-сонидан