Фитна қатлдан ёмон
Қуръони каримда фитна инсон қалбидаги иймон ва иккиюзламаликни синовдан ўтказувчи ҳолат сифатида баён қилинади: «Бизларнинг ичимиздан (келиб-келиб) Аллоҳ ўшаларга неъмат ато этибдими?!” – дейишлари учун уларнинг баъзиларини баъзилари билан ана шундай имтиҳон қилдик. Шукр қилувчилар (ким экани) ни Аллоҳ билувчироқ эмасми?!» (Анъом сураси, 53-оят).
Бугунги кунда фитна нафақат одамлар ўртасида, балки ахборот, ижтимоий муносабатлар ва диний масалаларда ҳам намоён бўлмоқда. Айрим бузғунчи кимсалар мусулмонлар орасида низо уруғини сочиб, бирдамликка рахна соляпти. Афсуски, баъзилар бу фитна оловига онгсиз равишда ўтин қаламоқдалар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Келажакда кўп фитналар бўлади: у вақтда ўтирган киши тургандан, турган киши юргандан, юрувчи эса югурувчидан яхшироқдир. Ким фитнага қизиқса, фитна уни ўзига тортиб ҳалок қилади. Ким ундан паноҳ топса – паноҳ топсин” (Имом Бухорий ривояти).
Демак, фитна даврида энг тўғри йўл – тинчликни сақлаш, эҳтиёткорлик ва сабр билан ҳаракат қилишдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда огоҳлантиради: «Фитна – қатлдан ҳам ёмонроқдир» (Бақара сураси, 191-оят).
Ислом тарихида биринчи фитна Усмон розияллоҳу анҳу даврида бошланган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан кейин айрим ихтилофлар юз берган бўлса-да, улар оммавий тус олмаганди. Аммо Усмон розияллоҳу анҳу халифаликлари даврида фитначилар жамият тинчлигига рахна сола бошладилар.
У зот рўза ҳолда Қуръон тиловат қилиб ўтирганида фитначилар уйига бостириб кириб, уни қатл қилади. Усмон розияллоҳу анҳунинг қони сочилган саҳифада “Аллоҳ сизни улардан ҳимоя этади. Аллоҳ эшитувчи ва доно Зотдир” мазмунидаги оят ёзилган эди. Бу фожиали воқеа ҳижрий 35 йил 8-зулҳижжада содир бўлган.
Ушбу воқеа шундан далолат берадики, фитна бошланган жойда муқаддас қадриятлар поймол бўлади, жамиятда парокандалик содир бўлади. Шунинг учун ҳар бир мусулмон фитнадан йироқ бўлиб, огоҳ ва сергак яшаши лозим.
Афсуски, бугунги ахборот даврида фитналар жуда тез тарқалмоқда. Шу боис ҳар бир хабарни тарқатишдан аввал унинг ҳақиқийлиги, яхшиликка хизмат қилиши, фитна тарқатишга қаратилмаганини текшириб олиш зарур.
Қуръони каримда бу ҳақда бундай дейилади: «Эй мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!» (Ҳужурот сураси, 6-оят).
Шунинг учун киши динга оид масалаларни диний билимга эга уламолардан эшитиши зарур. Зеро, ақида ва фиқҳ каби масалаларни ҳар кимнинг муҳокама қилиши катта фитнага сабаб бўлиши мумкин. Дунёвий низоларда эса сукут ва эҳтиёткорлик – энг оқилона йўлдир.
Ўткирхон МАҲМУДОВ,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси
ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари