Мужтаҳид алломанинг таъвилдаги маҳорати
Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллиги муносабати билан бир қатор мотуридийшунос олимлар “Имом Мотрудийнинг тафаккур олами” китобини нашрга тайёрлади. Журнал саҳифаларида мазкур китобдан боблар бериб боришни режалаштирдик.
Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ оятларни шарҳлар экан, аввало, уларнинг нозил бўлиш сабабларини келтиради. Сўнгра ўзи яшаган муҳитни эътиборга олган ҳолда оятни таъвил қилишга ўтади. Сўнгра ақлга таянган ҳолда мустақил фикрлар билдиради. Буюк муфассир Фотир сурасининг 13- ояти таъвилида шу шарҳ усулини қўллаган: “Аллоҳ кечани кундузга киритур ва кундузни кечага киритур. У Қуёш ва ойни ҳам (сизлар учун) бўйинсундириб қўйгандир – ҳар бири муайян муддатгача сайрда бўлур. Ана шу сизларнинг Раббингиз – Аллоҳдир, подшоҳлик фақат Уникидир. (Эй мушриклар!) Сизлар Уни қўйиб, ибодат қилаётган нарса (сохта маъбуда)ларингиз эса, хурмо данагининг пардасича нарсага ҳам эга эмасдир”.
1. Нозил бўлган муҳит эътиборидан шарҳ
“Оятда, аввало, Аллоҳга ширк келтирган, ўлимдан кейин қайта тирилишни ҳамда пайғамбарларни инкор этган маккаликларга хитоб қилинмоқда. Зеро, Макка мушриклари уч гуруҳни ташкил этарди: Биринчи гуруҳ Аллоҳ ва тавҳидни, яна бир гуруҳ ўлгандан кейин қайта тирилишни, бошқа бир гуруҳ эса пайғамбарларни инкор қилишганди. Мазкур оят Аллоҳнинг борлиги ва бирлигини, ўлимдан кейин қайта тирилишни ҳамда пайғамбарларнинг ҳақлигини исботлайди. Кёча ва кундуз, ой ва қуёш, шунга ўхшаш барча борлиқ биргина Холиқ таолонинг ўрнатган тартиби, ягона Зотнинг белгилаб қўйган мувозанати билан аниқ асосда ҳаракатланиши Аллоҳнинг борлиги ва ягона илоҳ эканига яққол далилдир.
Оламлар ягона Аллоҳнинг эмас, бир қанча илоҳларнинг бошқарувида бўлганида эди, мувозанат бузилар, бунинг оқибатида осмонлар ва Ерда турли фалокатлар клиб чиққан бўларди. Ой ва Қуёшнинг бир маромда чиқиб-ботиши, кеча ва кундузнинг ўз вақтида алмашиниб туриши, бу ҳол ақлни лол қолдирадиган даражада мунтазам равишда давом этиши барча сайёраларни, бутун коинотни бошқариб турадиган ягона Аллоҳнинг қудратини намоён этади.
2. Умумий ҳолда шарҳлаш
“Кечанинг бутунлай кўздан ғойиб бўлиши – тонг отиши, кундуз ўз ўрнини тунга бўшатиб бериши – кеч тушиши, кўзни қамаштирувчи қуёшнинг ҳам зиёси сўниб – қоронғи тушиши, унинг ортидан дарҳол бошқа ҳақиқат (Ой)нинг пайдо бўлиши – буларнинг барчаси ўлимдан кейин қайта тирилишнинг ҳақлигига далилдир. Зеро, бу жараёнларнинг ҳар бири ўзига хос тарзда қайта тирилишдан дарак беради. Аниқ мувозанат асосига қурилган бу дунёда инсонларнинг белгилаб қўйилган тартиб-қоидалардан, мёъёрлардан ташқарига чиқмаслиги учун амрлар ва тақиқларнинг ўрнатилиши имтиҳон сабабидандир. Бу жараёнларнинг ҳеч бирига инсон аралаша олмайди. Бунга унинг ақли ҳам, қудрати, кучи, имкони ҳам етмайди.
Шундай экан, Аллоҳ ўрнатган қонунлар, У Зот юклаган буйруқлар ва тақиқларни инсонларга билдириш, зиммаларидаги масъулиятлардан одамларни хабардор қилиш учун пайғамбарлар юборилиши лозим эди. Билим ва ҳикмат соҳиби бўлган Зот шу тарзда ҳамма нарсани қамраб олувчи қудратини намоён этади”.
3. Содир бўлган ҳолни тафаккур этиб, мустақил шарҳлаш
Оятдаги “Аллоҳ кечани кундузга киритур ва кундузни кечага киритур” жумласида икки нозик нукта бор: Бирининг бутун белгилари йўқ бўлиши иккинчисининг келишига сабаб ёки бирининг ортиши иккинчисининг камайишига сабаб бўлишидир. Бирининг вақти иккинчисиникига қўшилишидир. Бу эса санавия (дуализм) тарафдорларининг: “Яхшиликни яратган зот ёмонликни яратгандан фарқ қилади. Нур эзгуликни яратганнинг, зулмат ёмонликни яратганнинг асаридир”, деган қарашларини йўққа чиқаради.
Дуализм таълимотида зулмат ва нур орасида шундай қарама-қаршилик бўлса-да, ҳар бири бошқа бир илоҳнинг амри билан юзага келиб, бири иккинчисининг ўрнини эгаллаганида эди, қоронғилик ва ёруғлик ўртасида душманларча муносабат ила бир-бирини мағлуб қилиш, бўйсундириш, йўқотиш ҳақида сўз борган бўларди. Бир марта мағлуб бўлган қайта ўзига келолмас, вазифасини давом эттира олмасди. Аммо кеча ва кундуз орасида шундай қарама-қаршилик, мағлублият–ғалаба деган тушунча мавжуд эмас. Ҳар бири ўз ўрнида ўзига юклатилган вазифани бекаму кўст адо этар экан, бу ягона Аллоҳ ҳар иккаласини ҳам назорат қилаётганини билдиради”.
Нашрга тайёрловчилар: Музаффар КОМИЛОВ,
Абдумурод ТИЛАВОВ
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 12-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws