Солиҳа аёл
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Дунё манфаатлидир. Дунё манфаатларининг яхшиси – солиҳа аёл” (Имом Муслим ривояти).
Бу ҳадисни Имом Насоий, Имом Ибн Можа ва Имом Аҳмад ривоят қилишган.
Имом Ибн Можанинг ривоятида “Дунё манфаатлари ичида солиҳа аёлдан афзали йўқ”, дейилган.
Ҳадисда зикр этилган “дунё”дан мурод инсон ҳаётида фойдаланадиган, унинг эҳтиёжи учун керакли нарсадир. Дунё ҳаётида эр киши учун солиҳа аёлдан манфаатлисини топиб бўлмайди.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Улар: “Парвардигоро, хотинларимиздан ва зурриётларимиздан бизларга кўз қувончини бахш эт ва бизларни тақводорларга пешво қилгин!” дейдиган кишилардир» (Фурқон сураси, 74-оят).
Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ айтади: «Солиҳа аёлда бўлиши талаб қилинган сифатлар ҳақидаги ҳадислардан қуйидагиларни ўргандим:
Диндор бўлиши. Абу Умома розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мўмин киши Аллоҳ таолога тақво қилишдан кейин солиҳа аёлдан манфаатли нарсага эга бўлмайди. (Чунки эр) унга бирор иш буюрса, (солиҳа аёл) итоат қилади; агар унинг юзига қараса, уни хурсанд қилади; унга қасам ичса, оқлайди; йироқда бўлса, ўзининг ор-номус, иффатини ва унинг (эрининг) молини ҳимоя қилади…” деб марҳамат қилдилар» (Имом Ибн Можа ривояти).
Насаби яхши бўлиши. Набий алайҳиссалом дедилар: “Туя минган аёлларнинг энг яхшиси Қурайшнинг солиҳа аёлларидир. Болага кичиклигида энг шафқатли, эрига итоатли бўлиб, унинг қўлидаги нарсаси (мол-мулки)ни асрайди” (Имом Бухорий ривояти).
Бокира бўлиши. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Уйландим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: “Қандайига уйландинг?” дедилар. “Жувонга”, дедим. “Бокира қиз олиб, у билан кўнгил ёзсанг бўлмасмиди?” дедилар» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
“Бокираларга уйланинг, чунки уларнинг оғизлари тотли, бачадонлари ҳосилдор ва оз нарсага рози бўлувчидирлар” (Имом Табароний ривояти).
Эрига муҳаббатли ва кўп бола кўрадиган бўлиши.«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб: “Мен насабли ва обрўли аёлни топдим, лекин у туғмайди. Унга уйлансам бўладими?” деди. Набий алайҳиссалом уни қайтардилар. Кейин ўша одам иккинчи, учинчи марта келганида ҳам уни қайтардилар ва: “Эрига муҳаббатли ва кўп туғадиган аёлларни олинглар. Зеро, мен (қиёматда) сизларнинг кўплигингиз билан бошқа умматлар олдида фахрланаман”, дедилар» (Имом Насоий ривояти).
Уй-рўзғор ишларини бекаму кўст бажариши.“Аёл эрининг уйи ва фарзандларидан масъулдир” (Имом Бухорий ривояти).
Эрига итоатли бўлиши. Набий алайҳиссаломдан “Энг яхши аёл қандай аёл?” деб сўралди. У зот: “Эри унинг юзига қараганда хурсанд қиладиган, буюрса итоат этадиган ҳамда ўзида ва молида эри ёқтирмайдиган нарсани қилмайдиган аёл”, дедилар (Имом Насоий ривояти).
Иффатли бўлиши. Шаъни, ор-номусини сақлайдиган бўлиши.
Рашкда ҳаддан ошмайдиган бўлиши. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Ё Расулуллоҳ, ансория аёлларга уйланмадингизми?” деб сўрашганида у зот: “Албатта, уларда ўта рашк қилиш бор”, деб жавоб берганлар (Имом Насоий ривояти).
Никоҳи енгил, осон кечадиган бўлиши. Набий алайҳиссалом марҳамат қиладилар: “Аёлнинг баракалиси – совчилиги осон, маҳри енгил ва серфарзанд бўлганидир” (Имом Аҳмад ва Имом Ҳоким ривояти).
“Энг баракали аёл чиқими кам бўлганидир” (Имом Баззор ривояти).
Азизбек ХОЛНАЗАРОВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил 24-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws