Мўмин лоқайд бўлмайди
Инсоннинг яратилишидаги энг катта ҳикмат уни йўқдан бор қилган Холиқни таниб, У зотга ибодат этишдир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Мен жинлар ва инсонларни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим” (Зориёт сураси, 56-оят).
Ибодат бу Аллоҳ таолонинг буюрганларини бажариш ва қайтариқларидан қайтишдир. Баъзилар ибодат деганда маълум амалларнигина тушунади, холос. Уламолар ибодатни жуда кенг қамровли тушунча эканлигини баён этганлар. Яъни, кишининг ниятига қараб унинг ҳар бир ҳаракати ибодатдир, деганлар.
Аллоҳ таоло бандасини Ўзигагина ибодат қилишга ҳамда одамлар билан гўзал муомалада бўлишга буюради. Халққа чиройли муомала қилиш икки нарсада кўринади: 1) яхшилик қилиш; 2) ёмонлик қилмаслик. Бу борада Алишер Навоий ҳазратлари қуйидаги мисрани битганлар:
Одами эрсанг, демагил одами,
Ониким, йўқ халқ ғамидин ғами.
Яъни комил мўмин эсанг, халқдан бепарво бўлма, уларнинг ғам-ташвишларини ўзингники деб бил.
Машойихларимиз: “Ким Холиқ деса-ю, халқни эсдан чиқарса, халқ деса-ю, Холиқни ўйламаса, у хато йўлдадир”, деганлар. Демак, инсон ҳақ йўлда собитқадам бўлиши учун сергак ва огоҳ бўлиши, ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам лоқайд ва бепарволик қилмаслиги лозим.
Муқаддас динимиз кўрсатмаларида лоқайдлик қораланади. Зеро, лоқайдлик ғафлатнинг бир туридир. Шайх Муновий раҳматуллоҳи алайҳ: “Ғафлат бу ҳис қилиш лозим бўлган туйғунинг йўқолишидир”, деган.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: «Жаҳаннам учун жинлар ва инсонларнинг кўпчилигини яратганмиз. Уларда қалблар бор, (лекин) улар билан “англамайдилар”. Уларда кўзлар бор, (лекин) улар билан “кўрмайдилар”. Уларда қулоқлар бор, (лекин) улар билан “эшитмайдилар”. Ана ўшалар ҳайвонлар кабидирлар. Балки улар (янада) адашганроқдирлар. Айнан ўшалар ғофиллардир» (Аъроф сураси, 179-оят).
Ғафлат ва лоқайдликнинг баҳоси шудир.
Тафсир китобларида ушбу ояти каримадаги “англамайдилар”, “кўрмайдилар”, “эшитмайдилар” сўзлари мажозий маънода айтилган бўлиб, ҳақ гапни эшитсалар-да, тафаккур қилмайдилар, ҳидоят ва тўғри йўлни кўрсалар-да, унга юрмайдилар, панду насиҳатни эшитсалар-да, унга амал қилмайдилар, деган маънода қўлланилган, дейилади.
Шу ўринда Шайх Сиррий Сақатий раҳматуллоҳи алайҳ билан боғлиқ ибратли воқеани келтириб ўтсак: «Кунларнинг бирида у зот ҳажга отланади. Йўлда кетаётиб, ҳамроҳларидан бири: “Эй улуғ шайх! Умрингизда ҳеч хато қилганмисиз?” деб сўрабди. Шайх бошини қуйи солганча: “Эй қардошим, бир хатойим борки, унинг оташи ўттиз йилдирки юрагимни ёндиради”, дебди. “У қандай хато эканки, сизни бунчалар қийноққа солса?” деб сўрабди ҳалиги киши. Сиррий ҳазрат бундай жавоб берибди: “Бундан ўттиз йил олдин Бағдод бозорларининг бирида ёнғин чиқди. У ерда менинг ҳам дўконим бор эди. Сафарда эдим. Хабарчилар барча дўконлар ёниб битгани, аммо менинг дўконим оловдан омон қолганини айтишди. Қувонганимдан, “Алҳамдулиллаҳ” деб қўйибман. Аммо шу заҳоти ўзимга келиб, бошқа мусулмонлар ғамидан ғафлатда қолиб, ёлғиз ўзимни ўйлаганим учун қаттиқ надомат ва пушаймонлар қилдим. Дарҳол тавба қилдим ва истиғфор айтдим. Каффорат бўлсин, деб дўконимдаги ҳамма молларни садақа қилдим. Аммо қилган бу ишимга ҳамон афсусланаман».
Ҳикояда ақл эгалари учун олам-олам ибратлар бор. Яъни мусулмон киши доимо дахлдорлик ҳисси билан яшаши керак. Биродарига етган мусибатни ўзиники деб билиши, унга етган хурсандчиликдан боши осмонга етиши лозим.
Ҳадиси шарифда ҳам лоқайдликдан қайтарилади. Хузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят Мўмин лоқайд бўлмайди қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Лоқайд бўлманглар! Одамлар яхшилик қилса, биз ҳам яхшилик қиламиз, ёмонлик қилсалар, ёмонлик қиламиз, деманглар. Лекин инсонлар яхшилик қилса, яхшилик қилишни, ёмонлик қилсалар, зулм қилмасликни ўзингизга лозим тутинг”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Хулоса ўрнида айтганда, лоқайдлик барча ёмонликларнинг манбаидир. Аллоҳ таоло барчамизни ғафлат ва лоқайдликдан йироқ қилиб, ҳамиша ҳушёрликда бардавом қилсин!
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил 21-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws