Илм-ла мукаммал бўлар ибодат
Бугун диний илми бор ёки йўқ, устоз кўрган ё кўрмаган айрим кишилар шаръий масалаларга тап тортмай жавоб бераверадиган бўлиб қолишди. Ундай кимсаларга: “Бирор далилингиз борми? Бу гапларни қаердан олиб гапиряпсиз?” деб сўрасак: “Кеча гапда бир дўстим айтиб берганди”, “Телеграмда ўқигандим” каби жавобларни беришади.
Дин номидан гапиришдан жуда эҳтиёт бўлиш керак. Чунки ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким менга нисбатан қасддан ёлғон тўқиса, жойини жаҳаннамдан тайёрлайверсин”, деганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Аслида мутахассис бўлмаган, диний саводи йўқ кишиларнинг шаръий масала юзасидан айтган гаплари саволга жавоб бўлмайди. Мабодо кимдир биздан диний масала сўраса, Ўзбекистон мусулмонлари идораси қошида Фатво маркази мутахассисларига мурожаат қилиши ёки марказ томонидан нашрга тайёрланган китобларни тавсия этиш энг тўғри ечимдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчилигида “Фатволар тўплами. 500 саволга 500 жавоб” иккинчи китоби нашр этилди. Китобда ижтимоий ҳаётда кўп дуч келинадиган саволларга аниқ жавоблар берилган. Жумладан, эътиқод, бидъатхурофотлар, таҳорат, намоз, закот, рўза, ҳаж ва умра, қурбонлик, савдо, ижара, никоҳ, қасам ва назрлар, талоқ, мерос ва тарика, тақиқ ва рухсатлар, тиб, Ислом тарихи, руҳий тарбия, Қуръон, зикр, фазилатли амаллар каби бобларни ўқиган кишининг маърифати ошади.
Имом Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ “Иҳёу улумид дин” асарида: “Илмсиз қилинган ибодат жонсиз тана кабидир. Илм билан қилинган ибодат эса нурли ва самаралидир”, деган. Яъни илм инсонга ибодатни тўғри, ихлос ва маърифат билан бажаришни ўргатади. Масалан, намозда қироат, дуоларни англаш, рўзада ният ва сабрни тушуниш – буларнинг барчаси илм орқали мукаммал бўлади.
Фатволар тўплами ҳар бир ўқувчини яхшиликка, халқимиз маънавий ҳаётини бойитиш, юксалтириш ҳамда тақвога чорловчи, умримизнинг ҳар бир дамини ғанимат билиб, савоб амаллар қилиб қолишга ундайди. Аллоҳ таоло китобни мўминмусулмонларга манфаатли қилсин.
Султонхўжа ОРИФХЎЖАЕВ,
Тошкент шаҳридаги “Дорул Ислом” жоме масжиди ҳайъат аъзоси
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 12-сонидан