Ризқнинг ҳар бирига шукр вожиб
«Аллоҳ баъзиларингиздан баъзиларингизни ризқда юқори қилиб қўйди. Бас, бу (ризқда) юқори қилинганлар ўзларининг ризқларини қўл остидаги (қул)ларига бермайдиларки, барчалари (ризқда) баробар бўлиб олсалар. Бас, Аллоҳнинг неъматини инкор этадиларми?!» (Наҳл сураси, 71-оят).
Аллоҳ таоло сизларни ризқда фарқли қилиб қўйди. Сизларнинг ризқингиз қўл остидагиларингиздан ортиқдир. Ваҳоланки, улар ҳам сиз каби инсондир, биродарларингиз. Ортиқча ризқларингизни (давлатингизни) уларга беришингиз лозим эди. Шунда бойликда тенг бўлардингиз.
Баъзи муфассирлар бундай дейишган. Бу оят Аллоҳга ширк келтирганларга зарбулмасалдир: “Сизлар ўзларингизни қўл остидагиларингиз билан тенг кўрмайсиз. Уларни мулкингизга шерик қилмайсиз. Бандаларимни Менга шерик қилишга қандай рози бўлдингиз”.
Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ: “Ақли етук инсоннинг қийналиб, тангликда, аҳмоқнинг тўкин-сочин ҳаётда яшаши Аллоҳнинг қазои қадарига далилдир”, деган. Мол-дунёсининг ҳисобини билмайдиган, ноз-неъматларга бурканиб яшаётган қанчадан-қанча инсонлар бор. Лекин улар на бойликларига эга чиқадилар, на турли овқатларни тановул қила оладилар. Лекин ақли расо, соғлом айрим кишилар қорнини тўйдиришга таом тополмайдилар. Гарчи ҳалиги бой кишининг мол-дунёси кўп бўлса-да, лекин фақир одам ундан соғлом ва қувватда афзал. Буларнинг барчасига инсон ибрат назари билан боқса, улкан ажойиботларни топади.
Имом Замахшарий раҳимаҳуллоҳ мазкур оятни қуйидагича тафсир қилган: “Аллоҳ таоло сизларни ризқда тафовутли қилиб қўйди. Сизнинг ризқингизни қулларингизникидан афзалроқ қилди. Ваҳоланки, улар ҳам сиз каби башар ва биродарларингиздир. Демак, сизлар ўзларингизга берилган ризқнинг ортиқчасидан улар (қуллар)га ҳам беришингиз лозим”.
Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта у(қул)лар сизларнинг биродарларингиз (ака-укаларингиз) дир. Ўзларингиз кийинган нарсалардан уларни ҳам кийинтиринг ва ўзларингиз еган нарсалардан уларни ҳам таомлантиринг”, дедилар. “Бас, Аллоҳнинг неъматини инкор этадиларми?!” Яъни Аллоҳ уларга айтмоқда: “Ўзларингиз билан қулларингиз орасини сизларга берган неъматларим борасида тенг қилмайсизлар. Уларни шу ризқда шерик қилмайсизлар ва ўзларингиз учун бу иш (шерик қилиш)га рози бўлмайсизлар. Қандай қилиб қулларимни Менга шерик қилишга рози бўласизлар”.
Имом Алусий раҳимаҳуллоҳ “Руҳул маоний” тафсирида қуйидагича хулосани келтиради: “Аллоҳ таоло сизларни баъзилардан фазилатли қилиб қўйди. Шундай экан, Парвардигорнинг неъматига шукр қилишингиз учун шу фазлдан у (қул)ларга ҳам беришингиз лозим. Сизларга фазл кўрсатувчининг фазли боқий қолаверади. Ояти карима инсонни қўл остидагиларга чиройли муомала қилишга ундамоқда. Чунки барча инсон Аллоҳнинг неъматлари ва ризқларда ҳақдорлик борасида тенгдир. Шу неъматларнинг шукрини адо этиш лозим. Агар аксинча бўлса, нонкўрлик бўлишини баён қилмоқда”.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
Авазбек ЖУМАБОЕВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил 21-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws