Сотган, сотиб олган, ташиган жиноятчидир
Сўнгги йилларда гиёҳванд моддалар савдоси ва истеъмоли инсоният учун жиддий хавф-хатарга айланди. Таҳлилларга кўра, дунёда 400 миллиондан ортиқ одам бу иллатга дучор бўлган ва бунинг оқибатида йилига 300 мингга яқин киши вафот этади. Афсуски, бундай оғуфурушлик юртимизни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ.
Йил бошидан буён мамлакатимизда 11 мингдан зиёд оғуфуруш аниқланиб, 2,5 тоннага яқин гиёҳванд моддалар мусодара қилинган. Масаланинг долзарблигини инобатга олиб, Президент бошчилигида йиғилиш ўтказилди ва бу иллатни илдизи билан йўқ қилиш бўйича кўрсатмалар берилди. Айниқса, ўқувчи ва талабалар орасида гиёҳванд моддаларнинг тарқалишига бутунлай чек қўйиш зарурлиги алоҳида қайд этилди.
Бугун оғуфурушликнинг янги кўринишлари пайдо бўляпти. Бу жиноят билан шуғулланувчилар сони ҳам кун сайин ортиб боряпти. Ачинарлиси, бу моддалар оддий дори каби таблетка, капсула кўринишида бўлиб, киши уни билиб-билмай истеъмол қилиши ёки воситачи бўлиб қолиши мумкин.
Айниқса, ишсиз ёшларнинг кўпчилиги етказиб бериш билан шуғулланади. Ғаразли ниятда бўлган кимсалар бундан фойдаланиб, элтувчига молини олиб бориши учун катта пул таклиф қилади. Пулга муҳтож бўлган етказувчи молнинг нималигини суриштирмасдан олиб, белгиланган шахсга топширади. Оқибатда жиноятга шерик бўлиб қолмоқда.
Яқинда бир йигит бу моддаларнинг оғу эканини англаб етмай, мўмай даромад илинжида психотроп таблеткалар савдоси билан қўлга тушиб, қамоққа олинди. Унинг бу қилмишидан бутун оиласи азият чекди.
Бир дўстим гўдаклигидан ота меҳрисиз улғайди. Чунки отаси оғусотарлик қилиб, 15 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Отасининг қилмишидан у доим дўстлар, синфдошлари орасида ўзини камситилган сезарди. Болаларию оиласини ўйламайдиган бундай оталар эртага қиёматда қандай жавоб бераркин?!
Қуръони каримда бундай дейилади: “У (пайғамбар) уларни яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади” (Аъроф сураси, 157- оят). Бу оятдан аён бўладики, гиёҳванд моддалар инсонни заҳарлаб, уни ақлидан ва соғлигидан айиради.
Ҳадисда бундай дейилган: “Ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир, ҳар қандай хамр ҳаромдир” (Имом Бухорий ривояти).
Ислом шариатида маст қилувчи ҳар қандай моддага умумий ва қатъий таъқиқ жорий этилган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу ерда “хамр” атамасини фақат узумдан тайёрланган шароб ёки аниқ бир ичимликкагина нисбат бермаганлар, балки маст қилувчи таъсирга эга ҳар қандай моддани хамр деб атаганлар. Ҳозирги замонда тарқалган гиёҳванд моддалар, турли психотроп воситалар, “наркотик” ва “энергетик” таъсирли кимёвий маҳсулотлар ҳам шу ҳукмга киради. Чунки улар ҳам инсоннинг онгини бузади, руҳий ҳолатини ўзгартиради ва уни жисмонан ҳам, маънан ҳам ҳалокатга етаклайди.
Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ “Саҳиҳи Муслим” шарҳида айтади: “Бу ҳадисдан маълум бўладики, маст қилувчи ҳар қандай модда, нима ном билан аталмасин, ҳаромдир. Агар уни ичса, танага киритса ёки бошқа йўл билан фойдаланса, гуноҳкор бўлади”.
Демак, бундай нарсаларни истеъмол қилиш ҳам, савдоси билан шуғулланиш ҳам ҳаром. Шунинг учун мусулмон киши бундай иллатлардан йироқ бўлиши, бу гирдобга тушиб қолганларни эса огоҳлантириб, ушбу жарликдан олиб чиқиш учун қўлидан келган барча ёрдамни бериши лозим.
Ҳусниддин САДРИДДИНОВ тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 12-сонидан