Ғазаб шайтондандир
Маълумотларга кўра, бугунги кунда кўпчилик юрак касалликлари билан оғримоқда. Ушбу дард ҳаддан ташқари ғазабланиш ёки ташвишланиш ортидан келиб чиқади. Шу маънода киши ҳамиша жаҳлини тийиб, муаммоларини ҳадеб ўйлайвермаслиги лозим. Шунда у турли оғриқлардан холи бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳ у анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилади: «Бир киши Пайғамбар соллаллоҳ у алайҳи ва салламдан: “Менга васият қилинг”, деди. У зот: “Ғазаб қилма”, дедилар. У киши бу гапни бир неча марта такрорлаганида ҳам, ҳар сафар: “Ғазаб қилма”, деб жавоб бердилар» (Имом Бухорий ривояти).
Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: “Албатта, ғазаб шайтондандир. Шайтон эса оловдан яратилган. Оловни эса сув сўндиради. Кимда ғазаб пайдо бўлса, таҳорат олсин!” (Имом Аҳмад ривояти). Ғазабланган инсон шайтон васвасасига тушади. Шайтон эса оловдан яралган, ғазаб – инсоннинг ички оловидир. Оловни сув ўчиргани каби ғазабни таҳорат ўчиради. Шу боис, Пайғамбаримиз алайҳиссалом кимда ғазаб пайдо бўлса, у зудлик билан таҳорат олсин, дея тавсия қилганлар. Бу нафақат руҳий сокинлик, айни пайтда инсоннинг шайтон васвасасидан қутулишига ёрдам беради.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда ғазабни енгишни ва кечиримли бўлишни энг улуғ сифатлардан бири сифатида таърифлайди: “Улар катта гуноҳлардан ва бузуқликлардан четланадиган, ғазабланган вақтларида эса кечириб юборадиган зотлардир” (Шўро сураси, 37-оят).
Оятда Аллоҳ таоло мўминнинг муҳим сифатларини зикр қилган. Улар катта гуноҳлар ва фаҳш ишлардан четланадилар. Ғазаб келган пайтда ҳам нафсга эргашмай, кечиримли бўладилар.
Яна бир ҳадисда: “Сизлардан бирингиз ғазабланса, сукут сақласин”, деб келтирилган (Имом Аҳмад ривояти).
Ғазабланган пайтдаги сўзлар инсонни гуноҳга, суҳбатдошининг дилига озор етказишга олиб бориши мумкин. Шунинг учун Пайғамбаримиз алайҳиссалом ғазабланган киши сукут сақласин, деб насиҳат қилганлар.
Ҳусниддин САДРИДДИНОВ
“Ислом нури” газетасининг 2025 йил 21-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws