Намруд қиссаси
Қуръони каримда бундай дейилади: «Аллоҳ салтанат берганидан (ғурурланиб), Иброҳим билан унинг Рабби хусусида баҳслашган кимсани (Намрудни) кўрмайсизми?! Қайсики, Иброҳим: “Менинг Раббим тирилтиради ҳам, ўлдиради ҳам”, деганида, у: “Мен (ҳам) тирилтираман ва ўлдираман”, деди. Иброҳим айтди: “Аллоҳ Қуёшни Машриқдан чиқаради, сен уни Мағрибдан чиқаргин-чи?” Бас, (ўша) кофир (гап тополмай) лол бўлиб қолди. Аллоҳ золим кишиларни ҳидоят сари йўлламагай» (Бақара сураси, 258-оят).
Ояти каримада пайғамбарлар отаси Иброҳим Халилуллоҳ ва ўзини илоҳ деб даъво қилган Намруд ўртасидаги баҳс баён қилинган. Уламоларнинг айтишича, Намруд Бобил шоҳи бўлиб, тўлиқ исми – Намруд ибн Канъон ибн Куш ибн Сом ибн Нуҳдир. Бошқалар эса уни Намруд ибн Фолих ибн Обир ибн Солиҳ ибн Арфахшад ибн Сом ибн Нуҳ деб аташган.
Тўрт юз йил подшоҳлик қилган Намруд жаҳолат ва зулмга берилган эди. Иброҳим алайҳиссалом уни Аллоҳга ибодат қилишга чақирганида, Намруд кибр ва жоҳиллик билан рад этди. Шунда Иброҳим алайҳиссалом: “Менинг Раббим – тирилтиради ва ўлдиради”, деди. Намруд унга: “Мен ҳам тирилтираман ва ўлдираман”, дея жавоб берди.
Муфассир уламолардан – Қатода, Суддий ва Муҳаммад ибн Исҳоқ қуйидагича шарҳлашган: «Намруд бундай демоқчи бўлган: “Мен икки одамни олиб келаман – биттасини ўлдираман, иккинчисини афв этаман. Шу билан мен ҳам тирилтирдим ва ўлдирдим”. Иброҳим алайҳиссаломнинг сўзи ҳақиқий ҳаёт ва ўлимни яратган Зот – Аллоҳ ҳақида бўлса, Намруднинг айтгани эса сиёсий қарор, яъни “ўлдириш ёки афв этиш” ҳақида эди. Бу эса яратиш эмас. Шунда Иброҳим алайҳиссалом аниқ ва рад қилиб бўлмас далил келтирди: “Аллоҳ қуёшни Шарқдан чиқаради, сен уни Ғарбдан чиқар!” Шунда Намруд жавоб беролмай, изза бўлди».
Аллоҳ таоло ушбу воқеа орқали инсонларга бундай сабоқ беради: Ҳақиқий яратувчи ва ҳаёт берувчи Зот – фақат Аллоҳдир. Салтанат ва куч-қудрат инсонни Яратувчига айлантирмайди. Илм ва далил билан ҳақиқат аниқ бўлади.
Муфассир Суддийнинг айтишича, бу баҳс Иброҳим алайҳиссалом оловдан қутулиб чиққан кунлари бўлган ва у киши аввал бу подшоҳ билан учрашмаган эди. Абдурраззоқ ўз ривоятида Маъмар орқали Зайд ибн Асламдан нақл қилади: «Намрудда ғалла ва озуқа бўлиб, одамлар ундан егулик сўраб келишарди. Иброҳим алайҳиссалом ҳам улар билан бирга бориб, биринчи марта кўришдилар ва баҳс ҳам шу куни бўлди.
Иброҳим алайҳиссалом бошқалар каби озиқ-овқат ололмади, қўллари бўш ҳолда ортига қайтди. Йўлда кетар экан, бир тепаликдаги қумдан икки халта тўлдириб, “ҳеч бўлмаса, аҳлимни шу билан банд қилиб тураман”, дея ўйлади.
Уйга етиб келгач, Иброҳим алайҳиссалом дам олиш учун ётди. У зотнинг завжаси Сора халталарни очиб, уларни емишга тўла ҳолда кўрди. Иброҳим алайҳиссалом уйғонгач, таомни кўриб ҳайрон бўлди ва: “Бу таом қаердан келди?” деб сўради. Сора онамиз: “Сиз олиб келган масаллиқдан тайёрладим”, деди. Иброҳим алайҳиссалом бу ризқ Аллоҳ томонидан берилганини англади.
Зайд ибн Асламнинг айтишича: “Аллоҳ таоло Намруднинг ёнига фаришта юборди ва иймон келтиришга уч марта даъват қилди. Учовида ҳам рад этгач, фаришта унга: “Қўшинингни тайёрла, мен ҳам ўз қўшинимни тайёрлайман”, деди.
Намруд саҳар пайтида ўз қўшинини йиғди. Аллоҳ таоло осмон ҳашаротларидан иборат пашшалар тўдасини Намруд лашкарлари устига юборди. Улар қуёшни тўсиб қўйишди – осмон қоронғи бўлди. Бу ҳашаротлар Намруднинг қўшинига ҳужум қилиб, уларнинг гўштини ва қонини ейишди, фақат суяклари қолди. Ўзининг бурнига эса бир пашша кириб олди. Кейин миясига жойлашиб, унга қаттиқ азоб бера бошлади. Намруд қирқ йил давомида шу ҳашарот билан азобланди. Унинг боши оғриганда хизматкорлари тўқмоқ билан уриб турарди. Хизматкор секин урганида Намруд қаттиқроқ уришни буюради. Хизматкор бор кучини йиғиб уриши оқибатида боши ёрилиб, ичидаги пашша учиб чиқиб кетади ва Намруд шу заҳоти тил тортмай ўлади. Хулоса шуки, кибру ҳаво, манманлик кишини хорлик ва азоб-уқубатга дучор қилади.
Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 1-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws