Саҳродаги ёлғиз “адашган” дарахт
Пайғамбарлар гуноҳлардан маъсумдирлар
«У сизни адашган ҳолда топиб, ҳидоят қилиб қўймадими?!» (Зуҳо сураси, 7-оят).
Ушбу ояти каримада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбат берилган “золлан” калимаси қандай маънони англатиши ҳақида муфассирлар турли фикр билдирганлар. Бир қавлга кўра, оятнинг маъноси: “Пайғамбарлик иши хусусида сиз ҳақингизда нима ирода қилинганидан бехабар эдингиз. Шунда Аллоҳ сизни ҳидоят қилиб, тўғри йўлга бошламадими?!” Оятдаги “золлан” калимаси “бехабарлик” маъносидадир. Худди Тоҳа сурасининг 25-оятидаги: “Раббим бехабар қолмайди ва унутмайди” ёки Юсуф сурасининг 3-оятидаги: “Биз сизга ушбу Қуръонда ваҳий қилган нарсамиз ила энг гўзал қиссани ҳикоя қилурмиз. Гарчи ундан олдин сиз бундан бехабарлардан бўлсангиз ҳам” каби.
Имом Заҳҳок, Шаҳр ибн Ҳавшаб ва бошқалар “золлан” калимасини “билмас эдингиз” деб тафсир қилишган: “Сиз Қуръонни ва шариатни билмас эдингиз. Шунда Аллоҳ сизни Қуръон ва Ислом шариатига ҳидоят қилмадими?!” Бу Аллоҳ таолонинг: “Сиз (бундан) олдин на Китобни (Қуръон) ва на иймон (моҳияти)нибилар эдингиз”(Шўро сураси, 52-) оятига мувофиқдир.
Имом Калбий, Фарро ва Суддий: “Адашган бир қавм ичида эдингиз, шунда Аллоҳ уларни сиз орқали ҳидоят қилмадими?!” деб тафсир қилган.
Бошқа қавлда “унутган” деб маъно берилган: “Асҳоби Каҳф, Зулқарнайн ва руҳ ҳақида сўрашганида истисно, яъни “Иншоаллоҳ” дейишни унутган ҳолингизда топиб, сизга уни эслатмадими?!” Чунки Бақара сурасининг 282-оятида ҳам “золла” калимасига шундай маъно берилган: “Сизлар рози бўладиган (адолатли) гувоҳлардан икки эркак кишини гувоҳ қилинглар. Агар икки эркак топилмаса, бир эркак билан икки аёл(кифоя)дир – бириунутганида, иккинчиси эслатади…”
Бошқасида эса: “Сизни ҳидоятни севувчи ҳолда топиб, унга етакламадими?!” деб тафсир қилинган. Чунки Яъқуб алайҳиссаломга ўғиллари: “Аллоҳга қасамки, сиз (ҳали ҳам) ўша эски хатойингиз (яъни Юсуфга бўлган муҳаббатингиз)да турибсиз”(Юсуф сураси, 95-оят).
Баъзи олимлар: “Сизни Макка дараларида адашган ҳолда топиб, бобонгиз Абдул Мутталибнинг қўлига қайтармадими?!” деб маъно беришган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёшликларида қўй боқиб юриб, Макканинг дараларида адашиб қоладилар. Буни кўрган Абу Жаҳл у зотни боболари Абдул Мутталибнинг қўлига қайтаради. Аллоҳ таоло бу оятда ўша воқеани назарда тутмоқда”.
Саид ибн Жубайр розияллоҳу анҳу айтади: “Набий алайҳиссалом амакилари Абу Толиб билан туяда сафарга чиқдилар. Қоронғи бир кечада Иблис туянинг тизгинидан тутиб, уни йўлдан бошқа томонга етаклади. Шунда Жаброил алайҳиссалом келиб, Иблисга шундай пуфладики, у ҳинд заминига бориб тушди. Туяни эса карвон сафига қайтарди. Аллоҳ таоло ана шуни эслатмоқда”.
Баъзи мутакаллимлар: «Араблар саҳрода ёлғиз ўсган дарахтни “адашган дарахт” деб аташган. Чунки айнан ўша дарахт орқали адашганлар йўл топишар эди. Шу маънода Аллоҳ таоло Ўз Набийига: “У сизни адашган ҳолда, яъни динингизда ўзингиздан бошқа ҳеч ким бўлмаган – ёлғиз ҳолда топиб, сиз орқали бутун халойиқни Ўзимга ҳидоят қилдим” демоқда», дейишган.
Имом Қуртубий айтади: “Айтилганларнинг барчаси яхши тафсирлардир. Уларнинг айримлари маънавий, айримлари эса ҳиссий талқинлардир. Менга эса охирги тафсир кўпроқ манзур бўлди. Чунки у маънавий сўзларнинг барчасини ўзида жамлаган”.
Юқоридаги тафсирлардан маълум бўладики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўша даврдаги залолат, жоҳилият – диний адашувни нисбат бериш асло дуруст бўлмайди. Зеро, Аллоҳ таоло Ўзининг элчиларини, хусусан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни пайғамбар қилиб юборишидан олдин ҳам бундай ишлардан муҳофаза қилиб қўйган эди. Пайғамбарларни барча гуноҳлардан маъсум деб эътиқод қилиш аҳли суннанинг бош ақидасини ташкил этади.
“Тафсири Қуртубий” асари асосида “Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси Авазбек ЖУМАБОЕВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 2-сонидан http://hidoyatuz.taplink.ws