Ношукрликнинг жазоси
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Бир қария киши бўлиб, унинг жуда яхши боғи бор эди. У киши ўз уйига мева киритишдан олдин ҳар бир ҳақ эгасига, айниқса, камбағалларга улуш бермасдан туриб ҳеч қачон мева олмади. У киши вафот этгач, боғ унинг беш ўғлига мерос бўлиб қолди. Оталари вафот этган йили боғ шунчалик кўп ҳосил бердики, бундай ҳосилни улар оталарининг ҳаётлигида ҳеч қачон кўрмаган эдилар. Аср намозидан кейин улар боғларига бориб, улкан ҳосилни кўриб, нафсларига мағлуб бўлиб, ғурурландилар. Шунда улардан баъзилари: “Отамиз қари эди, ақли сусайган эди. Келинглар, бу йил фақир-мискинларга ҳеч нарса бермаймиз, мол-дунё тўплаб олайлик, кейинги йилларда яна одатимизга қайтармиз”, деб келишиб олдилар. Тўрт ўғил бу фикрга рози бўлди, бешинчиси эса: “Аллоҳдан қўрқинглар, отамиз тутган йўлдан юринглар, шунда нажот топасизлар”, деди. Лекин тўрт ака-ука уни роса калтаклашди. Жони оғригач, у ҳам ноилож биродарларининг режасига қўшилди. Улар уйларига қайтиб, эрталаб боғдаги меваларни битта қолдирмай териб олишга қасам ичишди, лекин “Иншоаллоҳ” дейишмади. Аллоҳ таоло уларни шу билан имтиҳон қилди ва улар мақсадларига етишолмади».
Ушбу қиссада Аллоҳ таолонинг суннати – ҳаётдаги жорий қонуни акс этган. Яъни неъматга ношукрлик қилган, фақирларнинг ҳақини еган жамият дунёдаёқ жазога дучор бўлади. Макка аҳли ҳам худди боғ соҳиблари каби очарчилик билан имтиҳон қилинган эди: «Дарҳақиқат, Биз уларни (Макка аҳлини) боғ эгаларини синаганимиздек имтиҳон қилдик …» (Қалам сураси, 17-оят).
Шариат кўрсатмалари барча замонларда бир хил. Шунинг учун инсон ўтмишдагилардан ҳам, замондошларидан ҳам ибрат олиши мумкин. Ҳаётнинг ўзи энг яхши устоздир.
Қуръони каримда бу қисса зикр қилинар экан, боғнинг қаерда жойлашгани, унинг ҳажми ёки қандай мева экани ҳақида айтилмайди. Чунки бу муҳим эмас. Муҳими – мавқе, хулқ, сабоқ ва ибрат. Бу воқеа инсонларни садақа беришга, ҳақни адо этишга ва ҳар бир амал учун ё жазо, ё мукофот борлигидан огоҳ этади.
Шу тариқа инсон макри Аллоҳнинг тадбири олдида йўққа чиқади: «Улар макр қилдилар. Биз ҳам улар сезмаган ҳолларида (уларни ҳалок қилиш билан) “макр” қилдик» (Намл сураси, 50-оят).
Аллоҳ таоло уларга бу ҳақиқатни исботлаш учун бир офат юборди, уларнинг боғини ёндириб, кулга айлантирди. Ана шу ниҳоятда оғир лаҳзада улар англаб етдиларки, ҳақиқий маҳрумлик бу молу дунё ва мансабнинг камлиги эмас, балки иймон заифлиги ва Аллоҳни эътироф этишнинг ноқислигидир. Бу даҳшатли ҳодиса улар учун қаттиқ зарба бўлиб, залолат ва маҳрумлик уйқусидан уйғотди. Тавба ва Аллоҳга қайтиш йўлидаги юксалиш сафарининг бошланишига айланди. Чунки ўз хатосини англаш ислоҳ бўлишнинг биринчи қадамидир.
Шу ердан англаймизки, Аллоҳ таолонинг инсонларни дунёда қийинчилик, мусибат ва турли азоблар билан имтиҳон қилишидаги муҳим ҳикматлардан бири – инсоннинг виждонини уйғотиш, ақлини ҳаракатга келтириш ва тўғри йўлга қайтаришдир. Аллоҳ таоло танбеҳ беради: «Сиздан олдинги умматларга ҳам (пайғамбарлар) юборганмиз. Кейин зора (тавба-) тазарру қилсалар деб, уларни бало ва офатларга дучор қилганмиз» (Анъом сураси, 42-оят).
Бу ака-укалар қиссаси устида тафаккур қилишга нақадар муҳтожмиз. Улар Аллоҳнинг оятларидан ибрат олдилар, боғлари куйиб кетгандек бўлиб қолганини кўргач, ҳақиқатни излаб, ўз-ўзларини ҳисобга тортдилар. Биз ҳам ўзимизни ўзгартиришимиз керакки, Аллоҳ ҳам аҳволимизни ўзгартирсин.
Дарҳақиқат, бу боғнинг Аллоҳ томонидан йўқ қилиниши, инқироз ва қолоқлик сабабли емирилган цивилизацияларга нақадар ўхшаш. Ҳар қандай жамият ислоҳотчиларнинг қадрини билган, уларнинг насиҳатлари ва огоҳлантиришларига қулоқ тутгандагина муваффақиятга эришади.
Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 2-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws