“Кошки фалончини дўст тутмасам эди…”
«У кунда золим икки қўлини тишлаб: “Эй воҳ! Кошки Расул билан бир йўлни тутганимда эди”, дер. “Эй воҳ! Кошки фалончини дўст тутмасам эди”, дер. “Батаҳқиқ, у (дўст) менга зикр (Қуръон) келгандан сўнг мени адаштирди. Шайтон инсонни ёрдамсиз ташлаб кетувчидир”»
(Фурқон сураси, 27–29-оятлар).
“У кунда золим икки қўлини тишлаб”, яъни “(бармоқларини) қаттиқ тишлаб олади”, деган маънода.
Ибн Аббос ва Саид ибн Мусаййиб раҳимаҳумаллоҳ оятдаги “золим” сўзидан мурод Уқба ибн Абу Муайт эканини айтганлар. У Қурайш мушрикларининг раисларидан бўлиб, Қурайшнинг Бани Абдушшамс уруғидан эди ҳамда Умайя ибн Халаф Жумаҳийнинг яқин дўсти ҳисобланарди.
Уқба ҳалим табиатли киши бўлиб, гоҳида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан суҳбатлашиб ҳам ўтирарди. Қурайшнинг бошқа вакиллари эса Набий алайҳиссаломга доим озор беришга уринишарди.
Уқба саховатпеша инсон бўлиб, дастурхон ёзиб, таомидан Қурайшнинг улуғ ва шарафли кишилари еб кетишини яхши кўрарди. Бир куни таом пишириб, дастурхон ёзди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳам таклиф қилди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом у Исломни қабул қилиши шарти билан боришга рози бўлдилар.
Қурайшнинг бирор шарафли кишиси зиёфатига келмай қолишини истамаган Уқба шаҳодат калимасини айтди. Шундан кейин Набий алайҳиссалом унинг хонадонларига бориб, таомидан едилар.
Уқба ибн Абу Муайтнинг дўсти Умайя ибн Халаф ўша пайтларда Шомда эди. Сафардан қайтиб келгач:
– Дўстим Абу Муайт нима қилди? – деб сўради.
Одамлар:
– Динидан қайтди, – дейишди.
Умайя эрта тонгданоқ дўстининг олдига борди. Норозилигини билдириш учун саломига ҳам алик олмади. Уқба ҳайрон ҳолда:
– Саломга алик олмайсанми? – деб сўради.
Умайя:
– Қандай қилиб алик олай? Ахир динингдан қайтибсан-ку! – деди.
Уқба:
– Йўқ, Аллоҳга қасам, бу ишни дастурхонимга Қурайшнинг барча улуғлари келиб, фақат битта шарафли киши келмай қолишини истамаганим учун қилдим, — деди.
Умайя дўстининг жавобидан қониқмади, балки:
– Агар Муҳаммад билан яна учрашадиган бўлсанг, менинг борлигимни буткул эсингдан чиқар! — деди.
Уқба:
– Нима қилсам, кўнглинг ёришади? – деганида, Умайя:
– Муҳаммаднинг олдига бориб, юзига тупурмагунча сендан рози бўлмайман. Энг ёмон сўзлар билан уни ҳақоратлайсан, кейин юзига тупуриб, бўйнини эгиб бўғасан! – деб шарт қўйди.
Аллоҳнинг душмани Абу Муайт дўстини рози қилиш учун унинг айтганларини қилди. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг юзларига тупурди.
Имом Заҳҳок раҳимаҳуллоҳ айтадилар:
“Абу Муайт Набий алайҳиссаломнинг юзларига тупурганида, тупуги ўзининг юзига қайтди. Иккй турқини қизартириб, ёноғини куйдирди, “…ҳатто унинг башарасида куюк изи қолди. То ўлгунича ушбу чандиқ юзидан кетмади”, деган.
Кейин Абу Муайт Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг муборак бўйинларига оёғини шу даражада қаттиқ тираб босдики, Набий алайҳиссаломнинг кўзлари қинидан чиқайозди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу келиб, у зот алайҳиссаломни золимнинг қўлидан қутқариб олди.
Уқба дўстининг гапига кириб, Аллоҳнинг Расулига азоб бергани, ҳидоят йўлини тутмагани учун абадий ҳасратда қолди. Охиратда у ишидан қаттиқ пушаймон бўлган киши каби қўлларини (бармоқларини) тишлаб: “Эй воҳ! Расул ила бир йўлни тутганимда эди”, яъни жаннат йўлини тутганимда эди, деб фарёд қилади.
Инсон ҳар доим дўст танлашда эҳтиёт бўлиши керак. Чунки киши дўстига қараб ё саодат топади, ё ҳалок бўлади. Мева мевадан ранг олгани каби, бир жойда ёнма-ён ўтирган, узоқ вақт ҳамсуҳбат бўлган ҳамроҳлар бир-биридан яхши ёки ёмон маънода ўрнак олади. Бу ҳолат секин-аста рўй бергани учун инсон ўзининг ўзгарганини сезмай ҳам қолади.
Шу сабаб киши ўзига дўст танлашда диққатли бўлиши лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга доимо дўстлари, бирга ўтирган суҳбатдошларининг кимлигига эътибор қаратишлари ҳақида кўрсатма берганлар:
“Ким ўзини бирор қавмга ўхшатса, бас, у ўша қавмдандир”, деганлар
(Имом Аҳмад, Имом Абу Довуд, Имом Табароний ривояти).
Шунингдек, Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом:
“Солиҳ дўст билан ёмон дўст мушки анбар сотувчи аттор билан темирчининг дам ургичига ўхшайди. Мушки анбар соҳиби ё сизга (хушбўйидан) ҳадя беради, ё ундан сотиб оласиз, ё ундан хушбўй ҳид топасиз. Темирчининг дам уриши эса ё кийимингизни куйдиради ё ундан бадбўй ҳид топасиз”, деб таълим берганлар.
Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳимаҳуллоҳ айтдилар:
“Сўзи сизни тўғри йўлга далолат қилмайдиган, амали эса Аллоҳ таоло томон йўналтирмайдиган киши билан дўст бўлманг!”
Аллоҳ барчамизни солиҳ дўстларга ҳамроҳ қилсин!
“Тафсири Қуртубий” ва бошқа манбалар асосида
Тошкент шаҳар “Убай ибн Каъб” жоме масжиди
имом-хатиби Наврўзжон ТЕМИРОВ тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 1-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws