Хайру барака итоатдадир
Шариатнинг асосий мақсадларидан бири жамият хавфсизлигини, бирлигини сақлаш, фитна ва парокандаликка барҳам беришдир. Шу боис, динимиз таълимотларида мусулмонларнинг ўз раҳбарларига итоат қилиши ва уларга қарши чиқмаслиги таъкидланган. Аҳли сунна вал жамоанинг мўътабар манбаларидан бири “Ақидатут-Таҳовия”да бундай дейилади: “Имомларимиз, бошлиқларимиз, гарчи зулм қилсалар-да, уларга қарши чиқиш мумкин, деб ҳисобламаймиз. Улардан бирортасини қарғамаймиз. Уларга бўйсунишдан бош тортмаймиз. Модомики, маъсиятга амр қилишмас экан, уларга итоат қилишни Аллоҳга итоат қилиш ўлароқ фарз, деб биламиз. Уларнинг ҳаққига салоҳият, муваффақият ва саломатлик сўраб дуо қиламиз”.
Раҳбарга итоат қилиш аҳли сунна эътиқодининг бир бўлаги ҳисобланади. Чунки бу кўплаб хайр-баракага сабаб бўлади. Аксинча, раҳбарга итоатсизлик эса жамиятда фитна, тартибсизлик ва беқарорлик келтириб чиқаради. Бунинг оқибатида жамият, халқ таназзулга, инқирозга юз тутади.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом Мадинага кўчиб келганларидан сўнг жамиятни ўзаро тартиб асосида бошқариш учун мадиналик бошқа дин вакиллари билан келишувлар туздилар. Унда умумий қоидалар, томонларнинг ҳуқуқ ва бурчлари баён қилинган бўлиб, адолату мезон вазифасини бажарар эди. Бу келишув “Саҳийфатул Мадина” номи билан машҳур.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Сиздан аввалги (уммат)лар ораларидаги бирон обрў-эътиборли шахс ўғрилик қилса, индамай, заиф киши ўғрилик қилса, жазога тортганлари боис ҳалок бўлишди…”(Имом Бухорий ривояти).
Демак, адолатсизлик тарқалган жамият, қавм, халқ ҳалокатга дучор бўлар экан. Хайбар фатҳ қилингач, хайбарликлар ўзлари етиштирган ҳосилнинг ярмини мусулмонларга беришга рози бўлишди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳуни Хайбарга юбориб, у ердаги мевалар ва зироатлар ҳосилини ўлчаб келишни топширдилар. Хайбарликлар эса Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳуга пора бериб, ишни ўз фойдаларига ҳал қилмоқчи бўлишди. Шунда Абдуллоҳ ибн Равоҳа розияллоҳу анҳу: “Аллоҳга қасамки, ҳузурингизга мен учун халойиқнинг энг маҳбуби бўлган зот олдидан келдим. Сизлар эса, Аллоҳга қасамки, мен учун маймун ва тўнғиздан ҳам ёмонроқсиз. Аммо у кишига бўлган муҳаббатим ва сизларга бўлган нафратим, сизларга адолатсизлик қилишимга сабаб бўла олмайди”, деди.
Саҳиҳ ҳадисларда келишича, етти тоифадаги кишилар қиёматнинг жазирама иссиғида Аллоҳ таолонинг Арши соясида бўлишади. Ўша етти тоифанинг аввалида одил имом, яъни адолатли подшоҳ зикр қилинган. Бу эса адолат билан ҳукм юритган мусулмон ҳукмдорнинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги мақом-мартабаси нечоғли баланд бўлишини кўрсатади. Зеро, адолат билан ҳукм юритиш нафақат фуқароларнинг, балки бошқа тирик жонзотларнинг ҳам ҳақларини ўз ўрнига қўйиш, уларга зулм қилмаслик ҳисобланади. Бунинг натижасида ўша жамиятнинг хавфсизлиги ҳам таъминланади.
Ҳар бир жамиятда ва ҳар бир даврда инсон ҳуқуқларини таъминлаш ўзаро аҳд-келишувлар, шартномалар ва муайян қонун-қоидалар асосида бўлган. Зеро, ҳадиси шарифда: “Мўминлар ўзаро келишувлари узра турадилар”, дейилган (Имом Абу Довуд ривояти).
Шу боис имом Таҳовий таъкидлаганидек, бизнинг вазифамиз – уларга итоатда бўлиш ва уларнинг ҳаққига яхшилик сўраб дуо қилишдан иборат.
Муҳаммад Бобур ЙЎЛДОШЕВ,
Дин ишлари бўйича қўмита мутахассиси
http://hidoyatuz.taplink.ws