Абдуллоҳ ибн Абу Бакр розияллоҳу анҳу
Абдуллоҳ ибн Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳижратлари чоғидаги қилган хизмати билан Ислом тарихига кирган саҳоба.
Илк мусулмонлардан, заковатли, уддабурон йигит бўлган. У Маккада 605–608 йиллар оралиғида туғилди. Отаси Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг даъвати билан ёшлигидаёқ Исломни қабул қилди. Онаси Қутайла бинти Абдулуззо. Асмо розияллоҳу анҳо билан она бир, Ойша онамиз розияллоҳу анҳо билан эса ота бир, она бошқа акаси саналади. Отаонаси у туғилмасидан ёки туғилиши билан ажрашгани тахмин қилинади.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу билан бирга Мадинага ҳижрат қилганларида отаси унга одамларнинг гап-сўзларини эшитиб, улар яшириниб ётган Савр тоғидаги ғорга ҳар кеча келиб, айтиб туриш вазифасини юклади. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ёш бўлишига қарамай, ўз вазифасини аъло даражада бажарди. Кундузлари Қурайш билан аралашиб уларнинг гап-сўзларини тинглар, Аллоҳ Расулига қарши тузаётган режа ва ҳийлаларини ипидан-игнасигача суриштириб, ҳеч кимга сездирмай отасига етказарди. Уларни тутиб келтирган инсонга бир неча юз туя ваъда қилинганини ҳам хабар берди. У тонгда қайтганида изларини йўқотиш учун оиланинг хизматкори қўйларни унинг йўналиши бўйича ҳайдарди.
Ҳижрат чоғида Абдуллоҳ ёш бола эди. Шундай бўлса ҳам муҳим вазифа унга топширилди. Ўша даврдаги вазиятни инобатга олганда, бу жуда хавфли иш эди. Шунга қарамай, Абдуллоҳ уни бажонидил қабул қилди, хабарчиликни уддалагач, отасидан қолган беш минг дирҳамни ҳам олиб келди. Бу хизматлари билан Ислом тарихига кирди. Ойша розияллоҳу анҳо акасининг ҳижрат чоғидаги кўрсатган матонати ва муваффақиятини гапираркан, ақлу заковати сабабли уддалаганини айтарди.
Бир неча ой ўтгач, Абдуллоҳ ўгай онаси Умму Румон ва опаси Асмо ва синглиси Ойша розияллоҳу анҳумо билан бирга ҳижрат қилди. Мадинада Пайғамбаримиз алайҳиссалом уни Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу билан биродар тутинтирдилар.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу Зайд ибн Амр ибн Нуфайл – жоҳилият давридаёқ бутпарастликдан воз кечиб, ягона Аллоҳга ибодат қилган ва Ислом пайғамбарининг келишини кутган мўминлардан ҳисобланган зотнинг қизи Отикага уйланди.
Отика розияллоҳу анҳонинг ўзи Абдуллоҳ розияллоҳу анҳуни руҳлантирди ва жангларда қатнашишга ундади. Абдуллоҳ ибн Абу Бакр розияллоҳу анҳу Макка фатҳида иштирок этди. Кейин Ҳунайн ғазотида ҳам қатнашди. Ҳунайндан қочган Сақиф ва Авозинлиларнинг бирлашишларига қаршилик кўрсатди. Улар яширинган Тоиф қалъасига қилинган ҳужумда қаҳрамонларча жанг қилиб, оғир жароҳат олди. Мадинаи мунавварага ярадор ҳолда қайтди. Аввал бошда бир оз тузалгандек бўлиб кўринса-да, уч йилдан кейин жароҳат яна очилди.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу халифалигининг илк даври – ҳижратнинг 11 йили – Шаввол ойида 23 ёшида вафот этди. Унинг жанозасини отаси Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ўқиди. Қабрга эса ҳазрат Умар ва биродари Абдурраҳмон розияллоҳу анҳумлар қўйди.
Унинг вафотидан бир оз муддат Абдуллоҳ ибн Абу Бакр розияллоҳу анҳу Масала ўтгач, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳузурига Сақифдан бир ҳайъат келди. Бу пайтда Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг ўлимига сабаб бўлган ўқ халифанинг ёнида эди. Ҳайъатдан сўради: “Орангизда бу ўқни таниганлар борми?” Саъд ибн Убайд: “Бу ўқни мен ясадим, учини ўткирладим, патларини ҳам тақдим. Отган ҳам менман”, деди. Шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Бу ўқ, ўғлим Абдуллоҳни шаҳид қилган ўқ. Сенинг қўлинг билан унга шаҳидлик шарбатини ичирган, сени эса унинг қўли билан ўлдиртирмаган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин! Аллоҳнинг даргоҳи кенгдир”, деб юрагидаги изтиробларни нозик бир таъбир билан англатди.
Абдуллоҳ ибн Абу Бакр розияллоҳу анҳудан биргина ҳадис ривоят қилинган. Унда Набий алайҳиссаломнинг Мутъа жангида Ислом қўмондонларидан шаҳид бўладиганлари ҳақида Мадинаи мунавварада қилган башоратлари айтилган.
Нигора МИРЗАЕВА тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 2-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws