Подшоҳнинг шерини ўлдирган ботир
Саҳобалар орасида жасорат ва қаҳрамонлик кўрсатганлари кўп бўлган. Шундай саҳобалардан бири Ҳошим ибн Утба ибн Абу Ваққосдир. У жанг майдонида жуда абжир, чаққон бўлган.
Ҳофиз Ибн Касир “ал-Бидая ван-ниҳая” китобида унинг қаҳрамонлиги ҳақида бундай ёзади: «Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ўз қўшини билан Музлим Сабата деган жойга етиб келди. У ерда улар Хусравнинг Бурон деб аталган катта қўшинини учратдилар. Улар ҳар куни: “Биз тирик эканмиз, Форс салтанати таназзулга учрамайди”, деб қасам ичардилар. Уларнинг ёнида Хусравнинг баҳайбат шери “Муқаррит” ҳам бор эди. Форслар мусулмонларни қўрқитиш учун шу шерни жанг майдонига қўйиб юборишди. Саъднинг жияни Ҳошим ибн Утба ўша шерни ўлдирди».
Имом Табарий мазкур жангнинг давоми ҳақида ёзади: «Ҳошим ибн Утбанинг жасурлигидан мусулмонлар “Аллоҳу акбар!” деб олға юришди. Даставвал форслар ҳайрон қолишди, бироқ кейинчалик улар қарши зарба беришга муваффақ бўлишди. Шунда Ҳошим ибн Утба яна олдинга чиқиб, мусулмонларни иккинчи марта ҳужумга бошлади. Охир-оқибат форсларнинг охирги қўшини ҳам тор-мор этилди».
Ҳошим ибн Утба ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Исломни Макка фатҳи куни қабул қилган. Шундан кейин у диннинг кенг тарқалишида фаол иштирок этган ва кўплаб жангларда қатнашган. Машҳур Ярмук жангида у бир кўзидан айрилган, аммо бу унинг жасоратига тўсиқ бўлмаган.
Ярмукдан кейин мўминлар амири Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Ҳошим ибн Утбани Ярмукдан Ироққа, Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуга ёрдамчи бўлиш учун юборди. У ўзи билан отларни ҳам олиб келиб, Қодисия жангида мусулмонлар ғалабасига катта ҳисса қўшди.
Ҳижрий 17 йили (айрим манбаларда 19) Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Ҳошимга бир қўшин бериб, уни Жалулага юборди. Бу юриш “Фатҳлар фатҳи” деб ном олган. Мусулмонлар бу жангда Форс империяси ҳудудларини фатҳ қилишди. Ҳошим ибн Утба қўшини ўлжалари ўн саккиз миллион динорга етди.
Ҳофиз Ибн Касир “ал-Бидая ван-ниҳая” асарида Ибн Асокирнинг сўзини келтириб, бундай дейди: «Баъзи уламоларнинг ёзишича, Саъд ибн Абу Ваққоснинг жияни Ҳошим ибн Утба унинг ҳузурига келиб: “Эй амаки! Бу ерда юз минг қилич турибди. Улардан истаганингизни олаверинг”, дейди. Саъд унга бундай жавоб берди: “Менга шу юз минг қиличдан биргинаси керак. У шундай қилич бўлсинки, агар у билан мўминни урсам, унга ҳеч қандай зиён етмасин; агар кофирни урсам, уни парча-парча қилсин”». Ҳошим ибн Утба розияллоҳу анҳу мўминлар амири Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳунинг Сиффин жангидаги қўмондонларидан бири эди. У айнан шу жангда шаҳид бўлди.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу унинг ва Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳунинг вафотидан қаттиқ қайғуга тушди ва уларни жанг майдонига дафн этди. Бу икки улуғ саҳоба розияллоҳу анҳумонинг қабрлари Суриянинг Риққа вилоятидадир.
Ҳошим ибн Утба розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қуйидаги ҳадисни ривоят қилган: «Мен Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини эшитдим: “Мусулмонлар Арабистон ярим оролини фатҳ қиладилар. Форсни мағлуб этадилар. Румни (Византияни) енгадилар. Бир кўзли Дажжолни ҳам енгадилар”» (Имом Ҳоким, “Мустадрак”).
Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 1-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws