Мақсад – айблаш эмас, тузатиш
Ислом – инсонларга раҳмат сифатида нозил қилинган илоҳий дин. У инсон қалбини поклаш, жамиятни маънан юксалтириш ва ҳаётни адолат ҳамда масъулият асосида барпо этишни мақсад қилади. Шу улуғ вазифага хизмат қилувчи асосий тамойиллардан бири яхшиликка чорлаш ва ёмонликдан қайтаришдир.
Бу вазифа шакл билан эмас, мазмун ва усул билан бажарилганда самарали бўлади. Инсонийлик, раҳм-шафқат ва ҳикмат билан айтилган насиҳат қалбни очади, ҳақиқий ислоҳга олиб келади. Қўпол танбеҳ ва айблов эса аксинча зид таъсир кўрсатади. Шу боис Қуръонда бундай таълим берилади: «(Эй Муҳаммад!) Раббингизнинг йўли (дини)га ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват этинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг! Албатта, Парвардигорингизнинг ўзи Унинг йўлидан чалғиган кимсаларни яхши билувчи ва ҳидоят топганларни ҳам У билувчироқдир» (Наҳл сураси, 125-оят).
Бу оят инсонга даъватда қалбга йўл топиш зарурлигини кўрсатади. Қаттиқ сўз қаршилик уйғотса, меҳр ва ҳикмат билан айтилган сўз ишонч ва ўзгаришга олиб келади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларига озор етказганларга ҳам қасос билан эмас, балки кечирим ва меҳр билан жавоб берганлар: «Эй Аллоҳ, қавмимни мағфират қил, чунки улар билмайдилар» (Имом Бухорий ривояти).
Бу – исломий даъватнинг энг юксак намунаси. Гуноҳкорга нисбатан нафрат эмас, унинг жаҳолатини ислоҳ қилиш истаги. Исломда мақсад – айблаш эмас, балки тузатишдир.
Ислом инсонни қадрлайди: гуноҳ қилган кишидан ҳам умид узилмайди. Ёмонликдан қайтаришда шаъну қадрни асраш, одамни жамоат олдида камситмаслик ва унинг руҳий аҳволини инобатга олиш муҳим. Агар танбеҳ натижа бермаса, у шариат мақсадларига зид ҳисобланади.
Аллоҳ таоло Ўзини ар-Раҳмон ва ар-Раҳийм сифатида танитган. Бу Ислом таълимотининг марказида раҳм-шафқат туришини кўрсатади. Демак, даъват ҳам, насиҳат ҳам, танбеҳ ҳам шу руҳда бўлиши шарт. Раҳм-шафқатсиз айтилган ҳақиқат қалбларга етиб бормайди; меҳр билан айтилган сўз эса ҳатто қотиб қолган қалбларни юмшатади.
Ёмонликдан қайтариш – ҳар ким хоҳлаганича амалга оширадиган иш эмас. Бу юксак маънавий маданият, чуқур билим ва самимий ниятни талаб қиладиган улуғ масъулиятдир. Бу вазифа инсонийлик, сабр, ҳикмат ва раҳм-шафқат билан амалга оширилганда жамият соғломлашади ва маънавий муҳит мустаҳкамланади.
Ислом бизга фақат ҳақни айтишни эмас, балки уни қандай ва қай равишда айтишни ҳам ўргатади. Ҳақиқат раҳм билан айтилса – маърифатга айланади, раҳмсиз айтилса – ихтилоф ва фитнага сабаб бўлади.
Аллоҳ таоло барчамизни яхшиликка чорловчи, ёмонликдан эса инсонийлик ва меҳр билан қайтарувчи фидойи бандаларидан қилсин.
Нажмиддин САИДОВ,
Сергели тумани “Хонободтепа” жоме масжиди имом ноиби
http://hidoyatuz.taplink.ws