Ота-она, оила тарбия мактабидир
“Машаққатли кунларда одамларимиз, маҳалла аҳли елкадош бўлиб қийинчиликларни енгган. Оила – оилага, қўшни – қўшнига кўмак бериб яшаган. Биз мана шундай ўта ноёб қадриятимизга доимо содиқ қолишимиз, ёш авлодимизни айни шу руҳда тарбиялашимиз керак”.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасидан
Фарзанд таълим муассасасида устозидан илм олади, маҳаллада, ишхонада ёши улуғ инсонлардан тажриба ўрганади, аммо унинг қалби, одоб-ахлоқи ва дунёқараши асосан уйдаги муҳитда шаклланади. Шу маънода боланинг қандай инсон бўлиб етиши кўп жиҳатдан ота-онанинг ҳаёт тарзи ва ахлоқига боғлиқ.
Кўпчиликни ўйлантирадиган муҳим савол бор: “Қиз бола отасидан нималарни олади, ўрганади, онасидан-чи?”
Қиз фарзанд отасининг ҳаётига диққат билан қарайди. Унинг оиласига ҳалол ризқ топиш учун барвақт туриб ишга кетганига, эртадан кечгача меҳнат қилиб, чарчаб уйга қайтса-да, фарзандларига меҳр кўрсатишига гувоҳ бўлади. Бу манзарани ҳар куни кузатган қиз отасидан машаққатга сабр қилиш, меҳнатни қадрлаш, меҳр ва масъулиятни ўрганади.
Онаси ишдан ҳориб келган хўжайинини хушмуомалалик, илиқ сўз ва эътибор билан кутиб олиши ҳам қиз боланинг қалбида чуқур из қолдиради. У эртага оила қурганда, турмуш ўртоғига қандай муносабатда бўлиши кераклигини ана шу намуна орқали англайди. Демак, ота-онанинг ўзаро ҳурмати фарзанд қалбида инсонийлик ва оила маданиятини шакллантиради.
Она эса, аввало, ҳаё ва иффатда қизига жонли ибрат бўлади. “Онасини кўриб, қизини ол” деган мақол бежиз айтилмаган. Ота кўпроқ ишда бўлгани учун фарзанд тарбияси билан асосан она шуғулланади. Агар она пок, иболи-ҳаёли бўлса, шу фазилатлар, албатта, қизга ҳам кўчади.
Уйни саришта тутиш, кийимкечак ва идиш-товоқни тоза сақлаш, ҳовли ва атроф-муҳитга эътибор бериш орқали она озодаликни фарзандига ўргатади. Қиз нафақат жисмоний, балки маънавий покликни ҳам онасидан ўрганади.
Афсус, баъзи ҳолларда аёлнинг оғзидан ҳақоратли сўзлар чиқиши ёки унда номуносиб хулқ-атвор намоён бўлиши фарзанд қалбига салбий таъсир кўрсатади. Қиз бола: “Демак, ҳаётда шундай яшаш мумкин экан” деган нотўғри хулосага келади.
Қиз онасининг фарзанди хатосига қандай муносабатда бўлаётганини ҳам диққат билан кузатади. Агар она боласини дарров уриб-сўкмасдан, ақл ва меҳр билан тўғри йўлга бошласа, қиз келажакда ўз фарзандларига ҳам шу тарбияни қўллайди.
Бунга бир ибратли воқеани мисол тариқасида келтириш мумкин. Отасидан эрта айрилган бола бозордан ҳолва олиб келиб, онасининг кўнглини олмоқчи бўлади. Лекин ғўр ақли билан ҳолвани ўғирлаб келади. Она эса уни урмасдан, уришмасдан, аммо қатъий тарзда ҳаром луқманинг оқибатини тушунтиради.
Фарзандидан ҳолвани эгасига қайтариб олиб бориб бериб, ундан узр сўрашини талаб қилади. Кейин уни қилмиши учун тавба қилишга, яъни истиғфор айтишга одатлантиради. Шу орқали бола нафақат хатосини англайди, балки маънавий тарбия ҳам олади.
Шу тарбия усули фарзанд қалбида бутун умрга из қолдиради. Фарзанд ота-онасидан хатони қандай тузатишни, кечириш ва тарбияни қандай уйғунлаштиришни
ўрганади. Эртага ўзи оила қурганда ҳам айнан шу тажрибани қўллайди.
Она эрини ҳурмат қилса, келажакда қизи ҳам турмуш ўртоғига эҳтиромли бўлади. “Қуш уясида кўрганини қилади” деган халқ мақоли айнан шу ҳақиқатни ифода этади. Шундай экан, биз фақат кўчада ибратли бўлиб кўриниш билан чекланмасдан, уйда ҳам фарзандларимиз кўз ўнгида намунали инсон бўлишимиз ва уларнинг одоб-ахлоқини чиройли қилишимиз лозим.
Яҳё АБДУРАҲМОНОВ,
Олмазор тумани “Имом Термизий” жоме масжиди имом-хатиби (А.Азизов ёзиб олди).
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 3-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws