Жамоат малолланмаслиги керак
Имомликка ўтувчи киши доимо ёдида тутиши керак бўлган айрим одоблар бор. Хусусан, у қавм ичидаги энг заиф, ёши катта ва шошилиб турган кишиларни ҳам ҳисобга олиб, намозни енгил ўқиши, тиловат ва дуони қисқароқ қилиши керак.
Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир одам: “Аллоҳга қасамки, эй Аллоҳнинг Расули, мен фалончининг бизга (намозни) чўзиб юборганидан бомдод намозидан орқада қоламан”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўша кунгидек шиддатли ғазабланганларини кўрмадим.
У зот: “Албатта, сизларда нафрат қилдирувчилар бор. Қай бирингиз одамларга намоз ўқиб берса, енгил ўтказсин. Албатта, уларнинг ичида заифи, каттаси ва эҳтиёжманди бор. Қачон ўзи намоз ўқиса, хоҳлаганича чўзсин”, дедилар» (Имом Бухорий ривояти).
Демак, имом одамларга малол келадиган даражада намозни чўзиб юбормаслиги, ибодатга нуқсон келтирадиган даражада тез ҳам ўқимаслиги керак. Имом намозни чўзиб юборгани учун жамоатга боришни тарк қилган кишини эшитиб, Пайғамбаримиз алайҳиссалом жаҳллари чиққани ҳам шунга далолат қилади.
Киши ёлғиз ўзи намоз ўқиганида хоҳлаганича чўзиши мумкин. Шунингдек, маълум кишиларга имомлик қилса, улар намознинг узун бўлишига рози эканликларини билса, шунда намозни чўзиб ўқиши жоиз.
Имом дуода ҳам кўпчиликни унутмаслиги керак. Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бир қавмга имом бўлиб, ўзи учун хос дуо қилиши ҳам ҳалол эмас. Агар (шундоқ) қилса, уларга хиёнат қилган бўлади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Бир қавмга имомлик қилган киши намозда ёлғиз ўзига дуо қилиши жамоатга хиёнатдир. Чунки қавм унга ишониб, Раббиси билан бўладиган муножотини имом айтишига рози. Ўша ишончни оқлаш учун имом қавмнинг ҳаққига умумий дуо қилиши керак. Баъзи бир ривоятларда: “Қачон дуо қилсангиз, умумий қилинг, ана ўша ижобатга яқинроқдир”, дейилган.
Банда дуо қилганда ҳаддан ошмаслиги, эзмалик қилмаслиги – дуонинг муҳим одобларидан. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай дейилади: “Раббингизга зорланиб ва хуфёна (овозсиз) дуо қилингиз! Зеро, У (дуода ва бошқада) ҳаддан ошувчиларни ёқтирмагай” (Аъроф сураси, 55-оят).
Бир куни Саъд розияллоҳу анҳу ўғилларидан бирининг: “Аллоҳим, Сендан жаннатни, унинг неъматларини, шодликларини ва фалон-фалон нарсаларни ато қилишингни сўрайман. Сендан дўзахдан паноҳ беришингни, унинг занжирлару кишанларидан ва фалон-фалон нарсалардан паноҳ беришингни тилайман”, деб дуо қилаётганини эшитиб қолибди. Шунда у: «Ўғлим, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Келажакда дуода ҳаддан ошадиган бир қавм бўлади”, деяётганларини эшитганман, ўшалардан бўлиб қолмагин. Агар сенга жаннат ато қилинса, ундаги ҳамма нарса берилган бўлади-ку, агар сенга дўзахдан паноҳ берилган бўлса, ундаги ҳамма ёмонликлардан паноҳ берилган бўлади-ку», деди. Имом ҳар бир намозни, унинг охирида тиловат ва дуони ҳам енгил қилиши керак. Чунки фасллар ўзгарувчан. Ташқари иссиқ, совуқ ёки ёғингарчилик бўлиб туради. Мустаҳаб амални узундан-узоқ қилиб, жамоатни малоллантирмаслик керак.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Осонлаштиринг, қийинлаштирманг, башорат беринг, нафратлантирманг”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Жаъфархон СЎФИЕВ,
Тўрақўрғон тумани “Исҳоқхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 1-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws