Беш байтда беш оятга ишора
Алишер Навоий ўз асарларида Қуръони карим маъноларига бот-бот мурожаат қилган. Улуғ шоир рубоийларидан бирида Қуръон қироати икки дунё саодати ва қалб шифосига сабаб эканини қуйидагича баён этган:
Қуръонки эрур муждаи жони ўқумоқ,
Йўқ, йўқки, ҳаёти жовидони ўқумоқ.
Бил, кўнглунга истасанг шифони ўқумоқ,
Ким, келди кўнгул шифоси они ўқумоқ.
(“Назм ул-жавоҳир”, 120-рубоий)
Ҳазрат Навоийнинг қуйида келтириладиган беш байти фикримизни тасдиқлайди. 1. Аллоҳ таоло Жосия сурасининг 15-оятида: «Ким солиҳ амал қилса, ўзига фойда. Ким ёмонлик қилса, ўзига зарар. Сўнгра Раббингизга қайтарилурсиз», дея огоҳлантирган. Ҳазрат Навоий ушбу оятдаги аввалги жумланинг маъноларини қуйидаги тарзда ифодалаган:
Нафъинг агар халққа бешакдурур,
Билки, у нафъ ўзунга кўпракдурур.
2. Фуссилат сурасининг 46-оятида: «Ким солиҳ амал қилса, ўзига фойда. Ким ёмонлик қилса, ўзига зарар. Раббинг бандаларга зулм қилгувчи эмас», дейилади. Ҳазрат Навоийнинг ушбу байти ояти карима маънолари билан ҳамоҳангдир:
Улки зарар шевасини тавр этар,
Элга демаким, ўзига жавр этар.
Яъни кимки бировга зарар етказса, билсинки, у зарар аввало ўзига етади.
3. Аллоҳ таоло Раҳмон сурасининг 60-оятида: «Эҳсон-яхшиликнинг жазоси – мукофоти фақат яхшилиқдир», деб бандаларни яхши иш қилишга чорлайди.
Шоир ҳам инсонларга яхшилик қилиш шариатнинг шиори бўлгани учун унга мос бир байт битган:
Ҳар ким аён этса яхши қилиқ,
Етар яхшилиқдин анга яхшилиқ.
4. Раббимиз Моида сурасининг 2-оятида инсонларни хайрли ишларда ўзаро мусобақа ўйнаб бўлса ҳам, яхшиликни кўпайтиришга ундайди: «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг. Аллоҳга тақво қилинг. Албатта, Аллоҳ иқоби шиддатли Зотдир».
Навоий ҳам инсонларни ўзаро аҳл ва иноқ бўлиб, хайрихоҳ бўлиб, адоват ва душманчиликни тарк этиб яшашга даъват этиб байт ёзади: Олам аҳли, билингизким, иш эмас душманлиқ, Ёр ўлинг бир-бирингизгаки, эрур ёрлиқ иш.
5. Наҳл сурасининг 43-оятида: «Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлларидан сўрангиз», деб таълим берилган. “Билмасликнинг давоси сўраш” деган мазмунда ҳадиси шариф ҳам бор. Навоий ҳазратлари халқ орасида зарбулмасал бўлиб кетган бир байтида илм олиш учун хижолат бўлмасликни ва орланиб, уялиб илмсиз бўлиб қолишни қаттиқ қоралайди:
Билмаганин сўраб ўрганган олим,
Орланиб сўрамаган ўзига золим.
Ҳазрат Мир Алишер Навоий ижодини ўрганиб, фойда олиб, ҳаётимизни ислоҳ қилишимизда меҳрибон Раббимиз доимо мададкор бўлсин. Бобокалонимизнинг руҳларини шод, охиратларини обод айласин.
Олимжон ОБИДЖОНОВ,
Қувасой шаҳар “Ислом” масжиди имом ноиби
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 2-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws