Динимизни ниқоб қилган динбузарлар
Сўнгги йилларда “салафи солиҳларга эргашиш” шиорини ниқоб қилиб олган, мутаассиб кўринишдаги сохта салафийлар пайдо бўлди. Бу тоифа ҳар қандай янгиликни бидъат деб ҳисоблаб, фиқҳий мазҳабларни инкор қилади, тасаввуфни тан олмайди, арзимас баҳоналар билан мусулмонларни кофирга чиқаради. Улар салафи солиҳлар даври, яъни Исломнинг илк уч асридан сўнг мусулмонлар орасида ширк, бидъат ва хурофотлар авж олган деб даъво қилишади.
Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким ушбу ишимизда унда йўқ нарсани пайдо қилса, у рад этилгандир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Ҳадисдаги “ушбу ишимиз” деганда дин ва шариат назарда тутилган. “Унда йўқ нарса” деганда шариатда мутлақ бўлмаган ёки шариатнинг умумий қоида ва далиллари далолат қилмаган амал тушунилади. Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ “Фатҳул борий шарҳи Саҳиҳил Бухорий”да бундай дейди: “Ушбу ҳадис динни сохталаштириш ва бузишдан асровчи ҳадислар жумласидан бўлиб, муҳим қоидани ўз ичига олган. Яъни динга зид ва диннинг далиллари, қоидаларига хилоф бўлган ҳар қандай бидъатни рад қилиш лозимлигини ифодалайди. Аммо динга зид бўлмаган, шу билан бирга, унинг асосларига таянган ҳолда кейинчалик динни ҳимоялаш учун жорий қилинган яхши ишлар, амаллар рад этилмайди”.
Ҳанафий мазҳабининг муҳаққиқ олимларидан Мулла Али Қори “Мирқотул мафотиҳ” китобида бундай дейди: «Ҳадис ким Исломда бир “фикр” ўйлаб топса, унга Қуръондан ҳам, суннатдан ҳам, очиқ-ойдин ёки махфий, лафзий ёки мустанбат (ижтиҳод қилиб топилган) асос бўлмаса, у (фикр ёки амал) рад қилинади, маъносидадир».
Уламолар бидъати ҳасана ва бидъати саййиа ўртасини ажратиб олишда шариатнинг умумий қоидалари асосий мезон эканини таъкидлаганлар. Яъни Набий алайҳиссалом даврларида кузатилмаган бирор-бир амал ушбу шариат қоидаларига мувофиқ келса, мақталган, яхши бидъат саналади. Демак, Пайғамбаримиз алайҳиссалом даврларида бўлмаган ҳар бир амал ёмон бидъат бўлавермайди. Балки шариатимизнинг умумий қоидаларига зид бўлган ёхуд унга асосланмаган амал ёки эътиқод ёмонланган, залолатга бошловчи бидъат саналади. Ҳар бир мусулмон айнан ушбу бидъатдан сақланиши лозим.
Ҳазрат Билол розияллоҳу анҳу бомдод намозининг азонига “ас-солату хойрум минан-навм – Намоз уйқудан афзалдир” жумласини қўшиб айтганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни қўллаб-қувватлаб, ҳатто доимо шундай айтишни буюрганлари “бидъат” тушунчаси ҳақида кенгроқ тасаввур ҳосил қилишга кўмак беради.
Уламолар ҳадисларда келган “бидъат” сўзини ўрганиб, унинг луғавий ва истилоҳий маънолари талқинида бидъат тушунчаси яхши ва ёмон, тоат ва тоат бўлмаган ишларнинг барчасини ўз ичига олади”, дейишган. Сохта салафийлар бу борада атай ўта тор йўл тутиб, ҳар қандай янгиликни бидъат ва залолатга чиқаришган. Аммо мусулмон уламолар бу борада кенгроқ мушоҳада юритишади. Имом Шофеъий: «Янги пайдо қилинган ишлар икки хил бўлади. Биринчиси, Қуръон, суннат, асар (саҳоба ва салафи солиҳлар сўзи) ёки ижмога зид янгиликлар бўлиб, бу “бидъати саййиа”, яъни ёмон бидъат ҳисобланади. Иккинчиси, яхши нарсалар учун пайдо қилинган ишлар бўлиб, “бидъати ҳасана”, яъни яхши бидъат ҳисобланади», деган.
Бидъати ҳасанага мисол. Умар розияллоҳу анҳу мусулмонларни Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг орқасида жамоат бўлиб таровеҳ намозини ўқиётганларини кўриб: “Бу қандай ҳам яхши бидъат”, деган. Шунингдек, Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг Қуръони каримни китоб ҳолига келтириб, жамлаганларини кўриш мумкин.
Замонамиз уламоларидан Имом Наблусий бундай ёзади: «Бугунги кунда дунё каттадан-катта ўзгаришлар ва тараққиётни бошидан кечирмоқда. Инсон ақлини шошириб қўядиган янги ихтиролар дунё юзини кўрмоқда. Хўш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ҳар қандай бидъат (янгилик) залолатдир”(Имом Муслим ривояти) деган ҳадисларида айтилган “янгилик”да айнан шуларни назарда тутганмилар?! Йўқ, албатта. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам назарда тутган бидъат бу – ақида, шариат ёки ибодат масаласида унда бўлмаган бирор нарсани қўшишдир».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва хулафои рошидийнлар замонида мавжуд бўлмаган, аммо кейинчалик юзага келган ҳар қандай янгилик аниқ тарзда келган насс билан рад этилмаса ва унинг натижасидан яхшилик, умумманфаат кутилса ҳамда инсонларга нафи тегса, бундай янгилик шаръан ҳалолдир.
Хулоса қилиб айтганда, Исломдаги ҳар бир янгилик агар у диндаги муқаррар қонун-қоидаларга зид бўлмаса, “бидъати залолат” ҳисобланмайди. “Сохта салафийлик” Ислом дини таълимотларига зид бўлиб, мусулмонларнинг дунёвий соҳаларда тараққиётга бўлган интилишига тўсқинлик қилувчи йўналишдир. Улар мўминмусулмонлар ўртасида уруш, низо ва келишмовчиликларни келтириб чиқармоқда. Ваҳоланки, динимиз ўз номи билан фақат эзгуликни тарғиб қилади.
Абдулҳамид ЗАЙРИЕВ,
Эркин ҚУДРАТУЛЛОҲ
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 3-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws