Душманга ҳам адолатли бўлиш мумкинми?
Аллоҳ таоло наздида ажратиш мезони – яхшилик ва ёмонликдадир. Тарафкашлик, миллатчилик ёки айирмачилик динимизда йўқ. Фақат тўғрилик ва яхшилик тарафида бўлиш бор.
Аллоҳ таоло оилада ҳам тўғрилик мезонига амал қилишни буюради: «Эй иймон келтирганлар! Адолатда барқарор туриб, ўзларинг ёки ота-оналаринг ва қариндошларинг зарарига бўлса-да, Аллоҳ учун (тўғри) гувоҳлик берингиз! У (гувоҳлик берилувчи) бой бўладими, камбағал бўладими, Аллоҳ у иккисига (огоҳлик жиҳатидан) яқинроқдир. Бас, адолатли бўлишингиз учун ҳавойи нафсга берилиб кетмангиз! Агар (тилларингизни) бурсангиз ёки (гувоҳликдан) бош тортсангиз, албатта, Аллоҳ қилаётган ишларингиздан хабардордир» (Нисо сураси, 135-оят).
Бу оятда жамиятдаги ахлоқий, ҳуқуқий ва ҳиссий масалаларга ечим берилган бўлиб, бу қоидалар жамиятнинг асосий тартибини ташкил қилади. Оят жамият қуришда инсон айтган гапини, энг аввало, ўзи бажариши кераклигига ишора қилади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётларида бундай мисоллар жуда кўп.
Имом Мотуридий барча муфассирларнинг “қаввомийн” сўзига “қавволийн” маъносини берганини ёзади. Яъни сиз айтадиган ҳар бир сўз ва қиладиган ҳар бир ишингизда оятда зикр этилган тамойилларни тилга олинг ва уларга амал қилинг, дегани (Taъвилот, 4/67).
Ҳар бир инсонга, ўзи, ота-онаси, яқинлари бой ёки камбағал бўлишидан қатъи назар, тенг адолат қилинади. Бой одамга бойлиги учун имтиёз берилмайди, камбағалга камбағаллиги учун ачиниш бўлмайди. Жамиятда инсонлар ўртасида ҳеч қандай фарқ қилмай, ҳақлик ва адолат баробар тақсимланади, тенгликдан асло чекинилмайди. Ҳавас (нафс, хоҳиш)га эргашиб, адолатдан воз кечиб бўлмайди, адолатни амалга оширишдан чекинилмайди.
«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳ учун (тўғриликда) собит турувчи, одиллик билан гувоҳлик берувчи бўлингиз: бирор қавм (кишилари)ни ёқтирмаслик сизларни уларга нисбатан адолатсизлик қилишга ундамасин! Адолатли бўлингиз! Зеро, у (адолат) тақвога яқинроқдир. Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ ишларингиздан хабардордир» (Моида сураси, 8-оят).
Ояти каримада севмайдиган кишиларимизга, ҳатто душманимизга ҳам адолатли бўлишга чақирилади. У инсонийликнинг энг олий ахлоқ мақомига даъват этади. Душманга нисбатан адолатли бўлиш, айбдор бўлса-да, унга ён босиш дегани эмас, аксинча, унинг гуноҳига лойиқ жазо беришни англатади.
Қуръони карим душманликларга шафқат ва марҳамат билан эмас, балки адолат билан барҳам беради. Адолат ҳақсизликка чек қўяди. Шафқат эса адолат қарор топгач, кўрсатилади. Адолат қарор топмай туриб, шафқат кўрсатиладиган бўлса, ҳақиқатга бўлган ишонч йўқолади ва шафқат ҳам суиистеъмол қилина бошлайди.
Имом Мотуридий Моида сурасининг 8-оятини тафсир қилар экан, унда гувоҳлик масаласига эътибор қаратилганини таъкидлайди. Агар гувоҳлик фақатгина Аллоҳ ризоси учун берилса, адолатнинг юзага чиқишига ҳеч нарса тўсқинлик қилолмайди. Зеро, гувоҳликка чақираётган ҳам Аллоҳнинг Ўзидир ва Унинг Ўзи амр қилаётган буйруқларга кўра ҳақиқат ва адолатнинг қарор топишини ирода қилмоқда. Бундай ҳолатда инсон дўсти учун қандай гувоҳлик берса, душмани учун ҳам айнан шундай гувоҳлик беради. Душманига қандай ҳукм берса, дўстига ҳам шуни беради.
Адолатни ҳақиқатга кўра амалга оширинг. Мана шу нарса ҳурматнинг чинакам кўриниши ҳисобланади. Бу ҳурмат икки томонламадир: биринчиси Аллоҳга, Унинг амрларига ҳурмат бажо келтириш бўлса, иккинчиси ана шундай хатти-ҳаракатлари билан ўзининг ҳурмат қозонишидир.
«Албатта: “Раббимиз – Аллоҳ”, деб сўнгра тўғри бўлган зотлар1 ҳузурига (ўлим пайтида) фаришталар тушиб (дерлар): “Қўрқмангиз ва ғамгин ҳам бўлмангиз! Душманга ҳам адолатли бўлиш мумкинми? Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланингиз! Дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам биз сизларнинг дўстларингиздирмиз. Сизлар учун (жаннатда) кўнгилларингиз тилаган нарсалар ва сизлар учун у жойда истаган нарсаларингиз муҳайёдир» (Фуссилат сураси, 30-31-оятлар).
Имом Мотуридийнинг фикрича, оламни яратган ягона Зотга иймон келтирган ва Унга ширк келтирмаган кимсаларнинг Аллоҳнинг амр ва буйруқларига кўра ҳаёт кечириши уларнинг ҳалоллигидан далолатдир. Бу ҳалоллик уч маънога эга: 1. Ўз эътиқодида собит туриши, бошқаларга насиҳат қилган нарсаларига зид иш қилмаслиги; 2. Аллоҳга иймон келтириб, сўнг унга номуносиб ҳаракат қилмаслиги; 3. Барча ишларини Аллоҳ учун қилиши, Унга ҳеч кимни шерик қилмаслиги, ҳеч кимга ибодатларини кўз-кўз қилмаслиги ва бошқаларга илоҳийлик нисбатини бермаслиги.
“Имом Мотурудийнинг тафаккур дунёси” асаридан Музаффар КОМИЛОВ ва Абдумурод ТИЛАВОВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 3-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws