Сунъий идрокдан фатво сўраш тўғрими?
19-20 январь кунлари Мисрда ўтказилган халқаро анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бошчилигида уламоларимиз иштирок этди.
Мазкур анжуманда Муфтий ҳазратлари илмий маъруза қилиб, бугунги кунда сунъий интеллект жуда тез ривожланиб, унинг имкониятларидан иқтисодиёт, таълим, маданият, хизмат кўрсатиш ва медиа соҳаларида самарали фойдаланилаётгани, ўз навбатида унинг афзалликлари билан бирга зарарли томонлари ҳам борлигини, шу боис сунъий идрокни бошқариш, тартибга солиш ва назорат қилиш ҳозирги кунда жуда ҳам муҳимлигини таъкидлади.
Муфтий ҳазратлари сунъий интеллект инсон ҳаётига ижобий ва салбий таъсир кўрсатаётгани, жумладан, диний суҳбатлар ва мавъизаларни таъсирли роликлар орқали намойиш этиш ва керакли маълумотларни топишда жуда қўл келаётганини баён қилди. Бироқ баъзи инсонлар шаръий савол-жавоб, фатво олишда ҳам сунъий идрокдан фойдаланаётгани, ҳолбуки, динимизга кўра, бундай масалаларда ундан олинган жавобларга таяниб бўлмаслигини ҳужжат-далиллар билан келтириб ўтди. Зеро, шариатга кўра, фатво чиқариш фақиҳнинг бевосита иштирокини талаб этади. Масала сўровчининг ҳолатига, замонига, маконига, урф-одатларига ҳамда ижтимоий ва иқтисодий шароитларга қараб жавоб берилиши керак. Бундай жиҳатларни сунъий интеллект мустақил равишда тўлиқ бажара олмаслиги турган гап.
Муфтий ҳазратлари сунъий интеллектдан фойданиш мумкин бўлган соҳаларга алоҳида тўхталди, хусусан, савол-жавобларни таҳлил қилиш, зарур маълумотларни топиш, жамоат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, “ақлли шаҳар”, “хавфсиз шаҳар” ва “рақамли шаҳар” каби бир қатор йўналишларда унумли фойдаланиш замонавий тараққиёт талаби экани мисоллар билан қайд этди. Анжуман иштирокчилари Муфтий ҳазратларининг сунъий идрок борасидаги хулосалари асослилигини эътироф этиб, юқори баҳолади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 3-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws