Аҳли китоблар Пайғамбаримизни қандай танишган?
Бақара сурасининг 89- ва 146-оятлари, Аъроф сурасининг 157-ояти ҳамда Саф сурасининг 6-оятида турли ифодалар билан, аммо бир хил маънога далолат қиладиган жумлалар келган. Яъни: “Тавротда ва Инжилда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида хабар берилган. Шу боисдан бу китобларга ишонганлар (яъни яҳудий ва насронийлар) Муҳаммад пайғамбарнинг келишларини ва сифатларини биладилар”.
“Биз китоб берган ўша (золим кимса) лар уни (Муҳаммадни) худди ўз фарзандларини танигандек танийдилар ва улардан бир гуруҳи билатуриб, (китобларидаги) ҳақиқатни яширадилар”1 .
“Улар савод чиқармаган (уммий)2 элчига – исми ўзларидаги Таврот ва Инжилда ёзилган пайғамбар (Муҳаммад)га эргашадилар. У (пайғамбар) уларни яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади ҳамда уларнинг юкларини ва устиларидаги кишан (қийинчилик)ларини олиб ташлайди…”3
«Эсланг, Исо ибн Марям: “(Мен) ўзимдан олдинги Тавротни тасдиқловчи ва ўзимдан кейин келадиган Аҳмад исмли бир пайғамбар ҳақида хушхабар берувчиман”4 , – деган эди»5 .
Аҳли китоб, яъни яҳудий ва насронийлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни, аввало, Таврот орқали таниганлар. Шунингдек, Инжилда ҳам Набий алайҳиссалом ҳақларида маълумотлар бор. Ҳар иккала манбада келтирилган маълумотлар Расулуллоҳнинг пайғамбарликларини аниқ тарзда исботлайди. Бошқача айтганда, улар ўз фарзандларини қандай танисалар, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарликларини ҳам шунчалик билар эдилар. Бундан ташқари, Исо алайҳиссалом Набий алайҳиссаломнинг муборак исмларини “Аҳмад” деб насронийларга хабар қилган.
Баъзи ривоятларда айтилганидек, маълумотлар у зотнинг баъзи жисмоний хусусиятлари, насл-насаби, зуҳур этадиган жойи ва шунга ўхшаш нарсалар ҳақида бўлганми ёки пайғамбар сифатида амалга оширадиган ишлари ҳақидами?
Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ юқоридаги оятларни тафсир қилганида ҳар икки эҳтимолни ҳам инкор этмайди. Биринчи эҳтимол доирасида, “улар уни худди ўз фарзандла рини танигандек танийдилар” ифодасидан келиб чиқиб, фарзандни таниш унинг ота-онасига қийин бўлмаганидек, аҳли китобга Пайғамбарни таниш ни ҳам осон қиладиган баъзи аломатлар ва далиллар жуда очиқ тарзда мавжуд бўлганини айтади.
Бу масалада мусулмон бўлган яҳудий Абдуллоҳ ибн Саломдан келган ушбу ривоят ҳам далилдир: “Уни (Муҳаммадни) ўз фарзандимни таниганимдан ҳам яхши танир эдим. Чунки мен аёллар мендан кейин нима қилганларини (яъни, ҳаром ишларга қўл урган-урмаганларини) билолмайман”. Имом Мотуридий бу ривоятга таяниб, Муҳаммад алайҳисалом пайғамбар қилиб юборилганларида, аҳли китобларнинг манбаларида у зотнинг хусусиятлари ва белги-аломатлари ҳақида хабарлар мавжуд бўлган, бироқ кейинчалик у маълумотлар ўзгартирилган деган хулосага келади. Унга кўра, оятда “улардан бир гуруҳ” улар билатуриб ҳақиқатни яширади”, дейилиши мавжуд ва маълум бўлган бир нарсанинг яширилганини билдиради.
Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ Пайғамбаримиз ҳақларидаги аҳли китоб манбаларидаги маълумотларни уларнинг баъзи хатти-ҳаракатларига боғлашга ҳам мойиллик билдиради. Чунки аллома Бақара сурасининг 146-оятини таъвил қилаётиб, бундай дейди: “Яҳудийлар Тавротда Муҳаммад алайҳиссалом фақат Аллоҳнинг амри билан бирор нарсани ҳалол ёки ҳаром қилишлари, буюришлари ёки ман этишлари зикр этилганини кўришган”.
Ушбу шарҳ натижасида Муҳаммад алайҳиссаломнинг аҳли китоблар томонидан танилишларига сабаб бўлган аломат ва далиллар унинг оятда ифода этилган тарзда яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаришлари; пок ва яхши нарсаларни ҳалол, ёмон ва нопок нарсаларни ҳаром деб эълон қилишлари; инсонлар зиммасидаги оғир юкларни кўтариб ташлашлари каби ишларидир6 .
Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ назарида, аввалги муқаддас матнларда жисмоний белгилари билан ёки қиладиган амаллари билан зикр этилган ва хабар берилган бўлиши фақат Муҳаммад алайҳиссалом учун эмас, балки Исо алайҳиссалом ва бошқа барча пайғамбарлар учун ҳам тааллуқлидир. Дарҳақиқат, Саф сурасининг 6-оятидаги “мусоддиқон” (тасдиқловчилар) сўзини шарҳлаётганида айнан шуни айтади.
Аҳли китобларнинг ўз муқаддас матнларида мавжуд бўлган маълумотларга қарамай, Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбарликларини тан олмасликларини Имом Мотуридий уларнинг ичида кучайган “ҳасад” билан изоҳлайди. Айниқса, яҳудийлар янги пайғамбар ўз қавмлари бўлган Бани Исроилдан бўлишини хоҳлашганини, бироқ Муҳаммад алайҳиссалом Исмоил авлодидан танланиб юборилгач, ҳасадлари сабабли у зотни инкор этишганини таъкидлайди.
Нашрга тайёрловчилар: Музаффар КОМИЛОВ, Абдумурод ТИЛАВОВ
“Ҳидоят” журналининг 2026 1-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws
1. Бақара cураси, 146-оят.
2. 157-оят. Муҳаммад алайҳиссалом ҳақиқатан ҳам
“уммий” бўлиб, ўқишни, ёзишни, ҳисоб ил мини
билмаганлар. Расули акрам алайҳис саломнинг
ўқиш-ёзишни билмасдан оятларни таф сир қилиб
беришла ри катта мўъжиза. Зеро, агар ўқишёзишни билганларида, оятларни ўзи тўқияпти ёки
ким дандир кўчириб, ўқиб беряпти, деган шубҳа
туғиларди.
3. Аъроф cураси, 157-оят.
4. Саф cураси, 6-оят. Исо алайҳиссалом ўзига
нозил қилинган Инжилда охирги пайғамбар –
Муҳаммад алайҳиссалом тўғрисида башорат
берган. Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг му борак
исмларидан бири Аҳмаддир.
5. Саф cураси, 6-оят.
6. Таъвилот, 6/ 79–81.