Кучли мўмин заиф мўминдан яхшироқ
Динимиз инсонни жисмонан соғлом, маънан баркамол ва ақлан етук бўлишга чақиради. Соғ танда соғлом ақл бўлиши ҳақидаги ҳикмат Ислом таълимотига тўлиқ мос келади. Шу боис шариатимизда бадантарбия ва жисмоний фаолликка ижобий муносабат билдирилган.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда инсонга берилган неъматлардан бири сифатида соғликни зикр қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кучли мўмин Аллоҳ наздида заиф мўминдан яхшироқ ва севимлироқдир”, деб марҳамат қилганлар (Имом Муслим ривояти).
Ҳадисдаги “кучли” сўзи нафақат иймонда, балки жисмоний қувватда ҳам бақувват бўлишни англатади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам жисмоний фаол бўлганлар ва саҳобаларни ҳам шунга ундаганлар. У зот от миниш, камондан ўқ отиш, югуриш, кураш каби машғулотларни қўллаб-қувватлаганлар. Ҳатто Ойша онамиз розияллоҳу анҳо билан югуриб мусобақалашганлари ривоят қилинади. Бу ҳолат спорт билан шуғулланиш жоиз ва фойдали эканини кўрсатади.
Ислом нуқтаи назаридан ҳам спорт соғликни мустаҳкамлайди, иродани кучайтиради, сабр-тоқат ва интизомни кучайтиради, вақтни фойдали ўтказишга ёрдам беради, ёшларни ёмон одатлардан сақлайди.
Ҳар бир амалда бўлгани каби спортда ҳам меъёр муҳим. Яъни спорт ибодатлардан чалғитмаслиги, аврат очилмаслиги, зўравонлик ва ҳаром ишларга олиб бормаслиги, ғурур, кибр ва адоватни кучайтирмаслиги лозим.
Агар спорт инсонни гуноҳга етакласа ёки уни фарз амаллардан тўсса, у ҳолда бу жисмоний фаоллик мақбул ҳисобланмайди.
Ислом дини спортдан қайтармайди, аксинча, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлайди. Жисмоний тарбия – Аллоҳ берган омонат танани асраш ва уни тўғри йўлда ишлатишдир. Мусулмон киши ҳам жисмонан, ҳам маънан кучли бўлиши лозим.
Биродар МАТЁҚУБОВ,
Тўрткўл тумани “Абдужамил эшон” жоме масжиди имом-хатиби
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 3-сонидан